Бу ҳақда мамлакат Табиий офатларни бошқариш миллий агентлиги матбуот котиби Юсуф Ҳаммад маълум қилди.
Агентлик берган маълумотларга кўра, табиий офат мамлакатдаги 34 та провинциядан 15 тасига жиддий зарар етказган. Ҳозирга қадар 458 та уй бутунлай ёки қисман вайрон бўлган, юзлаб чорва моллари нобуд бўлган.
Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, чекка ҳудудлардан маълумотлар келиб тушиши давом этаётгани сабабли, талафотлар сони яна ортиши мумкин. Айни пайтда ҳукумат ёпилиб қолган йўлларни очиш ва ташқи дунёдан узилиб қолган қишлоқларга етиб бориш чораларини кўрмоқда.
Афғонистон экстремал об-ҳаво ҳодисаларига нисбатан дунёдаги энг заиф мамлакатлардан бири ҳисобланади. Кучли ёғингарчиликлар кўпинча ҳалокатли сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлади. Хусусан, 2024 йилнинг баҳорида содир бўлган тошқинларда 300 дан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган эди.
Кўп йиллик қуролли можаролар, инфратузилманинг эскиргани, иқтисодий қийинчиликлар ва иқлим ўзгариши оқибатлари бундай офатлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Айниқса, уйлари лойдан қурилган чекка қишлоқ аҳолиси қалин қор ва тошқинлар қаршисида мутлақо ҳимоясиз қолмоқда.