У Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг матншунослик ва адабий манбашунослик кафедраси ўқитувчиси сифатида фаолият олиб бориш билан бирга “Афғонистонда навоийшунослик” мавзуидаги PhD илмий даражаси диссертацияси устида ишламоқда. Фидойи олим билан хорижда мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва ижоди қандай тадқиқ этилаётгани, дунё аҳлини ҳамон ҳайратга солаётган ноёб мероси ҳақида суҳбатлашдик.
– Азизуллоҳ жаноблари, нафақат шарқлик, балки ғарблик навоийшуносларнинг ҳам таъкидлашларича, бугунги кунда Алишер Навоий ҳақида ёзиш, санъаткорлик қудратини тадқиқ этиш, ижодий асарларини тарғиб қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Чунки, бугунги жамият учун унинг идеалларига эҳтиёж бор. Ҳазрат Алишер Навоий мангу қўним топган Афғон диёрида бу маънавий эҳтиёж қай даражада экани, албатта, бизни қизиқтиради...
– ХV асрда яшаб ижод этган ҳазрат Алишер Навоий ижодини кўздан кечирадиган бўлсак, бу улуғ сиймо ҳозирги кунда биз билан бирга яшаб, ҳаётимизнинг, жамиятимизнинг турли қирраларини синчиклаб мутолаа қилиб, ёзиб бераётгандек туюлади. У гўё биз билан бирга юргандегу, аммо биз уни кўрмаётганга ўхшаймиз. Нега шундай деганда, айтиш мумкинки, оламшумул Навоий ўз замонида бизнинг замонимизни тасаввур эта билганидадир. Аллома асарларида ҳаётнинг бирор бир соҳаси йўқки, ўз аксини топмаган бўлса. Ҳозирги ХХI асрнинг долзарб муаммолари: тинчлик, соғлик, эркинлик, таълим-тарбия, одамийлик, инсон ҳуқуқлари, аёлларга муносабат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қочқинлик каби масалалар бундан беш ярим аср олдин Навоийнинг диққат марказида бўлган. Ҳозирги кунда бу муаммолар бутун дунёни ўзига жалб этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда улуғ мутафаккир фикрлари, дунёқараши ва одоб-ахлоқига бўлган эҳтиёж ва зарурат бошқа ҳар қандай юрт ва унинг халқидан кўра, Афғонистон диёри, унинг фуқаролари учун муҳимлиги ҳаммага кундек аён. Чунки бу мамлакатда тақрибан ярим асрдан буён давом этиб келаётган натижасиз жанглар, қон тўкишларнинг олдини олиш учун Алишер Навоий каби буюк мутафаккирлар фикрига таяниб иш кўришни замон тақозо этади. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан у абадий қўним топган кўҳна Ҳиротда 2021 йилда ўтказилган халқаро анжуманга “Навоий тафаккурларини қайта ўрганиш” деб ном берган эдик. Мазкур анжуманда ҳазрати Навоийнинг, “Жонға кўксим чокидин жононни меҳмон айладим, гавҳаре топтим ани кўнглимда пинҳон айладим”, деган мисралари хаёлимдан ўтган. Дарҳақиқат, буюк шоирнинг ҳар бир мисраси бебаҳо ҳикмат ва улуғ фикрат топилмаларидир.
– Хуросон ва Мовароуннаҳр тарихида “Темур ва темурийлар даври” деб аталмиш палла Навоийнинг таҳсин ва ғурурини уйғотар эди. Чунки бу давр “турк улуси” зодагонларининг ҳокимият бошига келиши ва миллий маданият ҳамда адабиётнинг тараққиёти даври бўлган. Зотан, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг бу давр тарихи буюк мутафаккирнинг бунёдга келишига замин ҳозирлаган. Сиз ўз тадқиқотларингизда ушбу давр билан боғлиқ қандай воқеликларни кашф этдингиз?
– Шарқдаги иккинчи Уйғониш даври Европадаги Уйғониш даври билан деярли параллел равишда бошланди ва жамият учун маданий, илмий, ижтимоий, иқтисодий ва санъат соҳаларида жуда муҳим натижаларга эришишга олиб келади. Бу вақтда Ҳиротда Шоҳрух ва унинг фарзандлари, Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг авлодлари, Амир Алишер Навоий, Жомий ва Беҳзод каби шахсиятлар ўрни ва роли беқиёс. Бу Уйғониш даври одамларни икки аср давомида қийнаб қўйган сиёсатдан юз ўгириш самараси ҳисобланади. Амир Алишер Навоий ана шу Уйғониш даври тарихидаги нуфузли шахслардан бири ҳисобланади. У бу даврда Султон Ҳусайннинг иқтидорли вазири, зукко донишманд ва буюк мутафаккири сифатида икки асрлик зулм, ишончсизлик, уруш, ўлдириш, инсонларни хўрлаш, очарчиликка чек қўйишга ҳисса қўшган. Навоий ўз муҳити маданияти ва жамияти қиёфасини ўзгартиришга катта таъсир қилган, моддий ва маънавий маданиятни юқори чўққига кўтарган улуғ сиймодир. Шу боис, бу оламшумул инсон – Алишер Навоийнинг ўзи ва номи бизгагина тегишли бўлмай, бутун оламники, дегим келади. Навоий нафақат кўп қиррали илм-фан ва давлат арбоблари, маънавият ва маърифат соҳасида ўнлаб инсонларга раҳнамо бўлган, балки санъат, адабиёт, бинокорлик, рассомлик, мусиқашунослик, меъморлик каби соҳаларда ҳам жамиятнинг моддий қиёфасини ўзгартиришга катта ҳисса қўшган истеъдоддир.
– Аксарият олимларнинг таъкидлашича, шу кунгача Афғонистонда Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди борасида олиб борилаётган изланишлар ва ушбу диёрдаги мутафаккир қурдирган машҳур тарихий ёдгорликлар тўғрисида бизда деярли маълумот йўқ. Сиз бевосита ушбу жараённи ўрганган, ҳозирги Афғонистон заминидаги ўша ёдгорликларнинг катта қисмини шахсан кўрган тадқиқотчилардан бирисиз. Улуғ бобомиз асос солган энг машҳур тарихий ёдгорликлар сифатида қайси бирларини айтиб ўтган бўлардингиз?
– Темурийлар даври меъморчилиги Алишер Навоий номи билан чамбарчас боғлиқлиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. У асос солган барча ёдгорликлар — у Ҳиротда бўладими, Балхдами, Машҳад ёхуд қадим Хуросон заминининг бошқа ҳудудларидами, ҳаммаси бирдек эътиборга, мақтовга ва шуҳратга эга ҳисобланади. Навоийшунослар фикрича, аслида бу улуғ зот 1001 та обида қуришга ният қилган, аммо ҳозирга қадар ҳеч қандай манбада 350 ёки 360 ёдгорликдан кўпроқ обида хусусида ҳеч қандай баҳс юритилмаган. Шу жумладан, фақат 15–20 обиданинг номи келтирилган, холос. Бироқ навоийшунос Амин Ҳиравийнинг сўзи билан айтганда, Навоий фаолияти асосида Хуросоннинг саҳро ва даштлари, шаҳар ва қишлоқларида бунёд этилган масжидлар, мадрасалар, карвонсаройлар, боғлар, ҳовузлар, кўприклар миқдорини қайд этиш ва тасвирлашга қалам тили ожизлик қилади.
Шу ўринда кейинги пайтларда Навоийга нисбат берилаётган Афғонистон ҳудудида жойлашган (Оқина сардобаси, Бобо Вали ҳовузи, Сарпул ғишт кўприги, Ҳазрати Али мақбараси) Алишер Навоий ташаббуси ва буйруғи ёхуд бевосита иштироки асосида қурилган ёдгорликлар хусусида қисқача тўхталиб ўтсак. Улардан энг машҳури Балх вилоятининг Мозори Шариф шаҳридаги ҳазрат Али мақбараси (зиёратгоҳи) бўлади. Ҳазрати Алига нисбат бериладиган бу мақбара мажмуаси халқ орасида “Равзаҳ” ёки “Али зиёратгоҳи” деб ҳам аталади. Ушбу мажмуа техник ва қурилиш нуқтаи назаридан турли имкониятларга эга бўлиб, унда 21 та ҳужра, 8 дарвозали боғ, 5 эшикли ҳовли, шунингдек, мадраса, кутубхона, таҳоратхона, масжид ва музей мавжуд. Яна бир ёдгорлик – “Оқина Сардобаси” Афғонистоннинг Форёб вилояти Андхуи туманида Туркманистон чегарасига яқин жойлашган тарихий усти ёпиқ ҳовуз. Сардоба қиш фаслида қор-ёмғир сувларидан табиий равишда тўлиб, бутун йил давомида Амударёнинг икки қирғоғидаги савдо карвонлари, деҳқон ва чўпонларга сув бериб турган. Пишиқ ғиштдан қурилган бу Сардоба чуқурлиги 16 метр, гумбаз баландлиги ҳам ер юзасидан 16 метр (Садоба сатҳидан гумбазига қадар 32 метр), сув косасининг кенглиги эса 10 метрдан иборат.
Бошқа бир обида – “Бобо Вали ҳовузи” ҳам Андхуи туманида жойлашган. Бу ҳовуз Оқина садобасидан 25 километр узоқликда Бобо Вали зиёратгоҳи мажмуаси ҳовлисида жойлашган. Ҳовузнинг ҳозирги кўриниши 21х21 метр, чуқурлиги 6 метр ва сув ҳажми 3380 кубметр дан иборат.
“Сарпул ғишт кўприги” Алишер Навоий ташаббуси билан вужудга келгани эндигина эътироф этилмоқда. Ушбу кўприк Сарпул вилоятида жойлашган. Уни қуришда ганж шираси, оҳак ва сомон кулидан ўлчами 24Х24 ва қалинлиги 5 сантиметр бўлган пишиқ ғишт ишлатилган. Бундай усулда қурилган кўприклар сув зарби, юк зарби ва зилзила зарбига анча чидамли бўлган.
– Сўнгги ярим асрдан кўпроқ даврда Афғонистонда Алишер Навоий шахсияти, асарлари ва улар ҳақидаги тадқиқотларга эга қандай китоб, мақола, мақолалар тўпламлари чоп этилди. Ушбу ҳудуддаги навоийшуносликнинг ўзига хослиги нимада?
– Тан олиш керакки, Навоийнинг ватани ҳозирги Афғонистон бўлса, навоийшуносларнинг ватани Ўзбекистон ҳисобланади. Навоий ўз юртида ўтган ярим асрга қадар муносиб қадрланмади, муносиб ўрганилмади. Аниқроғи, сўнгги 40 йилдагина, Алишер Навоий Афғонистонда ҳам ўрганила бошлади. Унга бағишлаб илмий-амалий анжуманлар ўтказилди, асралари қайта чоп этилди. Навоий хусусида ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалар ва шеърлар нашр этилди. Шулар ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, даставвал, унинг эски ўзбек ёзувида қайта нашр этилган асарлари кўз олдимизга келади, бу асарлар сони 24 тага етади ва улар ўз ичига Навоийнинг энг мўътабар асарлари бўлмиш “Хамса”, “Мажолис ун-нафоис”, “Муҳокамат-ул-луғатайн”, “Девони Фоний”, “Хазойин ул-маоний”ларни қамраб олади.
Кейинги чорак аср ичида нашр этилган Навоий билан боғлиқ китоблар сони эса 40 дан ортиқ. Шу билан бирга, Афғонистонда ҳозирга қадар Алишер Навоий таваллудига бағишлаб давлат томонидан ўтказилган халқаро семинарлар сони учтадан ошмайди. Улардан биринчиси Кобулда 1991 йили Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишланган тадбир бўлса, иккинчиси 2016 йили мутафаккир таваллудининг 575 йиллигига бағишланган халқаро симпузиумдир. Симпозиум муносабати билан тақдим этилган 41 мақола 500 бетлик “Мажмуаи мақолот” (мақолалар тўплами) номи остида чоп этилди.
Ниҳоят 2021 йили Ҳиротда Навоий таваллудининг 580 йилиги кенг нишонланди. “Алишер Навоий тафаккурларини ўрганиш” мавзусидаги ушбу халқаро семинар муносабати билан нашр этилган тўпламдан бу гал 48 номдаги мақола ўрин олган. Шу жумладан, 14 мақола ўзбек тилида эски ёзувда, 16 ўзбекча мақола лотин ёзувида, 12 мақола дарий/форс тилида, 4 мақола пушту тилида ва 2 мақола инглиз тилида нашр этилди.
– Мақолаларингиздан бирида Нью-Йорк шаҳридаги Метрополитен санъат музейида Алишер Навоийнинг икки девони қўлёзмаси сақланиши, ушбу қўлёзмаларнинг нафақат Ўзбекистон ва Афғонистон, балки минтақа ҳамда жаҳон навоийшунослари учун ҳам катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтгансиз...
– Дарҳақиқат, машҳур Метрополитен санъат музейида Алишер Навоийнинг икки қимматбаҳо “Наводир уш-шабоб” ва “Наводир ун-ниҳоя” девонлари қўлёзмаси сақланади. Бу девонлар қўлёзмасини ўрганиб чиқишнинг Ўзбекистон, Афғонистон, қолаверса, минтақа ва жаҳон навоийшунослари учун аҳамияти шундаки, бу асарлардан бири ХVI асрнинг бошларида маҳаллий хаттот Қосимали Шерозий томонидан ёзилган бўлса, иккинчиси Навоий ҳаётлиги пайтида машҳур хаттот Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган. Мазкур девоннинг кўчирилган санаси ҳамда котибнинг исм-шарифи қўлёзмада, “920 йили пойтахт Ҳиротда фақир Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилди”, деб ёзиб қўйилган. Бундан маълум бўладики, бу девон қўлёзмаси милодий 1499–1500 йили Алишер Навоий ҳаётлигида кўчирилган. Метрополитен санъат музейида Навоийнинг бу девони ноёб санъат асари сифатида баҳолангани учун ҳам, жуда авайлаб сақланиб келмоқда.
Бошқа томондан, шу бугунгача жаҳоннинг катта кутубхоналарида сақланаётган буюк мутафаккир Алишер Навоий асарлари қўлёзмаларини аниқлаб, уларнинг ҳозиргача тасниф этилмаганлигини ҳеч қандай изоҳлаб бўлмайди. Агар Алишер Навоий навоийшунос олимлар томонидан янгича тафаккур асосида қайта ўрганилса, инглизлар Шекспирни ўзларининг Навоийлари деб баҳо берган бўларди. Баъзи бир навоийшунослар, Навоий бизнинг Шекспиримиз, дея баҳо бериб келаётганлари учун шу фикрни айтиб ўтяпман.
– Сиз ўзбек навоийшунослари ва ёзувчилари билан анчадан бери ҳамкорлик қилиб келасиз. Алишер Навоий ҳаёти, ижоди билан боғлиқ икки ўзбек романи – Ойбекнинг “Навоий” ва Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романлари ҳақида мулоҳазаларингизни билмоқчи эдик...
– Эътироф этиш керакки, бу икки ўзбек ёзувчисининг Навоий ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ романлари сўзсиз таҳсинга сазовор. Ойбекнинг “Навоий” романи ўз даврида Навоийни кенг жамоатчиликка таништиришда мисли кўрилмаган асар сифатида аҳамият касб этган бўлса, замондошимиз Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи Навоий хусусидаги янгича тасаввуримизни шакллантиришга бир мунча туртки бўлди, дейиш мумкин. Бу икки романни ҳам мириқиб ўқиганман.
Ойбекнинг “Навоий” романидаги бошқа бир жиҳатга эътибор берсак, унда тарихий кечинмалар кучли из қолдирганини сезиш мумкин. Ойбек Навоийнинг инсонпарвар шоир ва давлат арбоби сифатидаги образини яратиш учун асарга тарихий шахслар образи билан бирга бадиий тўқима образларни ҳам киритишга ҳаракат қилган. Шу боис, бу асарни ўз даврининг шоҳ романи, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас”, “Нур қидириб” ва “Навоий” романларида ёзувчининг тенгсиз маҳорати ва истеъдоди томиб турганини кўриш мумкин. Бошқа томондан, ўтган асрнинг 20-йиллари охири, 30-йилларида ўзбек адабиётида авж олган нотўғри қарашлар Ойбекни ҳам четлаб ўтмади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бу қаршиликлар унинг “Навоий” романига соя солган жиҳатлари ҳам кўзга ташланади.
Исажон Султон эса “Алишер Навоий” романини ёзишдан олдин жуда катта тайёрганлик кўргани, шу кунгача мавжуд бўлган барча манбалардан ва янги маълумотлардан ўринли фойдалангани сезилиб турибди. Ўзбек ёзувчисининг бу қутлуғ қадами, албатта, биз афғонистонлик навоийшунослар ва ижодкорларни ҳам жуда қувонтирди.
– Туркий шоирларнинг асосий анъаналари ва илдизларига қандай тавсиф берасиз? Улар араб ва форс лингвистикаси ва бадиий тимсолларидан кўпроқ ўзлаштирганми? Уларнинг адабий жанрларида қандай ўзига хосликлар бор (масалан, Навоий ғазаллари ҳақида гап кетадиган бўлса)?
– Мен шоир эмасман, лекин шоирлар сўзларни қофия қурбони қилишларини, айниқса, мумтоз шеъриятда кўриш мумкин. Алишер Навоий эса аруз назариётчиси сифатида ўзбек шеъриятида қўлланилиши мумкин бўлган баҳр ҳамда вазнлар доирасини белгилаб берган буюк мутафаккир шоир ҳисобланади. У аруз баҳрларининг ўзбек халқ оғзаки шеъриятидаги ўлчовлар билан муносабатини ўрганиб, халқ қўшиқлари вазнларининг ёзма ижодда фойдаланилиши мумкин бўлган жиҳатларини белгилаб чиққан. Шу билан бирга, шоир шарқ мумтоз шеъриятида кенг қўлланилган баҳрларга, уларнинг энг халқчил, сержило, оҳангдор, мусиқий вазнларига алоҳида эътибор билан қараб, аксарият лирик шеърларини ушбу вазнлар асосида яратган. Америкалик навоийшунос олим Роберт Деверю сўзи билан айтганда, Алишер Навоий ўзбек шеъриятининг ўзига хос бетакрор ва тенгсиз маҳорат мактабининг яратувчиси сифатида ҳам тан олинган.
Қадимда зиёли кишиларнинг аксарияти бир вақтнинг ўзида бир неча илмлар соҳиби бўлишган, шеър ва ғазаллар ҳам ёзишган. Улар албатта сиёсатдан, жамиятдан, иқтисоддан, маданиятдан, тарихдан ҳам жуда яхши хабардор бўлишган.
– Кейинги йилларда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига қизиқиш нафақат Шарқ, балки Ғарб оламида ҳам ортиб бораётгани қувонарлидир. Масалан, АҚШда Девин де Вис, Николас Вомсли, Венгрияда Бенедик Пери, Францияда Александр Папас, Марк Тоутант, Японияда Казуаки Кубо ва яна бир қанча олимлар мутафаккир бобомиз ижоди борасида тадқиқотлар олиб борган. Бундай муносабат Ғарб университетлари талабалари ўртасида ҳам мавжуд. Бугун хорижда буюк мутаффакир ҳаёти ва ижодига оид қилинаётган тадқиқотларга муносабатингиз қандай?
– Хорижда Навоий биз истаган даражада кўп ўрганилмаган бўлса ҳам, лекин хўб ўрганилган. XIX аср Европа навоийшунослигида, айниқса, Катермер, Белен, Вамбери, Браун ишларида Навоий биографияси ва асарлари бир ёқлама, қисман ўрганилган бўлиб, шоир ижоди ўзининг тўла, мукаммал ва тўғри баҳосини олмаган эди. Аммо америкалик шарқшунос-навоийшунос олим Роберт Деверю Ғарб тадқиқотчилари ичида биринчи бўлиб бу фикрнинг бир ёқлама эканлигини исбот этди. Хусусан, “Алишер Навоий фақат санъат ҳимоячисигина эмас, балки насрда ҳам, назмда ҳам донғи кетган ёзувчи, шоир, тарихчи, танқидчи, шунингдек, иқтидорли рассом, чолғувчи, бастакор ҳам бўлган”, деб таъкидлайди. У Алишер Навоийнинг ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси бундан ҳам чуқурроқ эканлиги хусусида тўхталиб, “Муҳокамат ул-луғатайн”нинг ёзилиш тарихи, асарнинг ички тузилиши, ўзбек тилининг тараққиётига кўрсатган таъсири устида кенг фикр баён қилади. Роберт Деверю шарқшунослик соҳасида бир қатор илмий тадқиқотлар яратган америкалик навоийшунос олим ҳисобланади. У чоп этган “Муҳокамат ул-луғатайн” асари жаҳон миқёсидаги энг мукаммал нашр сифатида тан олинади. Олим асарни инглиз тилига таржима қилиб кириш ва изоҳлар билан нашр қилган. Хориждаги айрим шарқшунослар баъзи илмий нашрларда буюк бобомизни тақлидчи шоирга айлантириб қўйишган ҳоллар ҳам учрайди, бу олимларнинг ўзбек мутафаккири Навоий ижодини яхши билмасликларидан келиб чиққанлиги ўзбекистонлик навоийшунос олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркиновнинг “Хорижда навоийшунослик” сарлавҳали мақоласинида ўз исботини топган.
– Навоий ижодининг замонавий талқинлари янги назарий қарашлар, жаҳон адабиётшунослигидаги илғор таҳлил усулларига асосланиши лозимлиги бир неча халқаро анжуманларда қайта-қайта таъкидлаб ўтилди. Шу нуқтаи назардан, сиз бугун шоир ижодини ўрганишда қандай замонавий таҳлил методларини таклиф қилган бўлардингиз?
– Алишер Навоийнинг теран ижоди уммонига ета олиш учун бу буюк мутафаккирга руҳан, маънавий жиҳатдан янада яқинлашиш керак бўлади. Шоирнинг ижоди аксарият адабиётларда, айрим илмий тадқиқотларда, изоҳли луғатлар ва шарҳлар доирасида таҳлил этилган. Ҳолбуки, Навоийнинг ижоди эътиқоди, дунёқараши руҳиятидан келиб чиқиб таҳлил этилиши керак. Шу тариқа мутафаккир даври анъаналари ичида яшаб, унинг бадииятини табиий равишда қабул қилиб олиш мумкин бўлади. Зеро, Алишер Навоий шахсияти ва ижоди ўтмишимизда кечган буюк ҳодиса эканлиги боис, ушбу жараённи дунё маданияти ва дабиётининг дурдонаси сифатида ўрганиш ўта муҳим.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.