Ургут тумани йилига 40 миллион долларлик саноат маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Туманда йилига 350 миллион долларлик саноат маҳсулоти чиқиши ҳисобга олинса, бу жуда кам экани қайд этилди.
Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг ўзида 30 миллиард долларлик электротехника, текстиль, озиқ-овқат, автомобиль, фармацевтика ва қурилиш материалларига эҳтиёж бор.
Лекин бу бозорларга жадал кириб бориш бўйича на тармоқ раҳбарлари, на ҳокимлар ҳалигача тайинли натижа кўрсатмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, йил якунигача Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида Товар-хомашё биржаси филиали очилади ва камида 100 турдаги маҳаллий маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилади
Кейинги йилдан Савдо-саноат палатасининг Ироқда 3 нафар, Сурияда 2 нафар савдо маслаҳатчилари иш бошлайди. Ироқнинг энг йирик 100 та тадбиркорларини Самарқандга таклиф қилиб, «Ўзбекистон-Ироқ» бизнес форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Умуман, келаси йили вилоятда 70 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноатда 25 минг иш ўрни яратиш режа қилинди.