Сўнгги йилларда Африка қитъасида ҳам тўлов тизимларининг барча йўналишлари ривожланиб боряпти, хусусан, биометрик тизимининг афзаллигини Нигерия стартапи —  Torche исботламоқчи. Энди бу компания хизматидан фойдаланиб тўловни бармоқлар ёки кафт изи орқали амалга ошириш мумкин.

“Ҳаммада ҳам тўлов картаси ёки банкда ҳисобрақам йўқ, лекин барчада бармоқ ва кафт излари бор. Нега бундан фойдаланмаслик керак?!”, — деди Торче бош директори Сисан Дорсу.

Маълумотларга кўра, Нигерия аҳолисининг фақат 8 фоизигина тўлов карталаридан фойдаланади. Қолганлар эса нақд пул ишлатади. Таҳлилчилар ушбу ҳолатни банк карталари йўналишида фирибгарлик кучайиб кетгани ҳамда тизимда носозликлар тез-тез юз бериб туриши билан изоҳлашади.

Онлайн фирибгарлик Нигерияда шунчалик кўпки, ҳатто глобал миқёсга чиққан, “нигериялик хакерлар” ибораси ҳам пайдо бўлган. Биометрик маълумотлардан фойдаланишга ўтиш нафақат Нигерия, балки қитъа миқёсида ушбу муаммодан қутулиш йўлида ташланган илк қадамлардан бўлди.