Бу йилги “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалига дунёнинг таниқли киноижодкорлари қаторида афсонавий америкалик актёр Арманд Ассанте ҳам бўлиб, у нафақат бўлажак кинофестивалнинг фахрий меҳмони, балки очилиш маросимининг бошловчиси ҳам бўлади.

Киноюлдуз Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказиладиган ижодий учрашувлар ва матбуот анжуманларида ҳам иштирок этади.

Машҳур гангстерларнинг бир қатор роллари Арманд Ассантени ўзининг афсонавий ҳамкасблари қатори Голливуднинг севимли актёрига айлантирди. У Ридли Скотт, ДЖ Карузо, Дэнни ДеВито ва Андрей Кончаловскийларнинг фильмларидаги роллари, шунингдек Мэттью Макконаҳи, Аль Пачино, Жек Николсон, Алек Балдино ва Силвестр Сталлоне каби Голливуд кино усталари билан бир майдонда фаолият олиб боргани билан ҳам машҳурдир.

Ассантенинг филмографиясидан ўзбек режиссёри Баҳодир Йўлдошев суратга олган “Койинот сирларини кашф этган инсон” фильмидаги роли жой олган. Кинокартина ўрта асрларнинг буюк мутафаккир ва олими Мирзо Улуғбек ҳаётига бағишланган.

Тантанали очилиш маросими 14-сентябрь куни “Киночилар уйи”да бўлиб ўтади.