Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Аввал хабар берилганидек, март ойи бошида республика ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин совиб кетгани сабабли табиий газ учун иситиш мавсумида белгиланган ойлик базавий меъёр 15 мартга қадар узайтирилган эди.
«Ўзгидромет» маълумотига кўра, 16–20 март кунлари республика ҳудудларида кундузи ҳаво ҳарорати +22°С гача, кечаси эса +10°С атрофида бўлиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан 16 мартдан бошлаб 1 ноябрга қадар ҳар ой учун 100 куб метргача табиий газ базавий меъёри амал қилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса бу тартиб 1 октябргача сақланади.
Март ойи бўйича ҳисоб-китобга кўра, ойнинг биринчи ярми (1–15 март) учун 500 куб метрлик базавий меъёр пропорционал тақсимланганда 250 куб метрни ташкил этади. Ойнинг иккинчи ярми (16–31 март) учун эса 100 куб метрлик базавий меъёр пропорционал равишда 50 куб метрни ташкил этади.
Шунинг учун ушбу 50 куб метр табиий газ учун ҳам аҳоли базавий тариф бўйича — 1 куб метр учун 1000 сўмдан тўлов амалга оширади.
Табиий газ истеъмоли бўйича ҳисоб-китоблар юзасидан юзага келаётган саволлар бўйича «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан тушунтиришлар берилмоқда.
Шунингдек, президент қарорларига мувофиқ эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан ҳар ой компенсация тўлаб берилади.
Жумладан:
- электр энергияси учун — ойига базавий меъёрдан ортиқ 150 кВт·соатгача;
- табиий газ учун — қиш ойларида 250 куб метргача, бошқа ойларда 150 куб метргача базавий меъёрдан ортиқ сарфланган қисми учун компенсация берилади.
Қайд этилишича, аввал компенсациялар фақат қиш ойларида амал қилган бўлса, эндиликда улар йил давомида ҳар ой тўлаб берилади.