«Биринчидан, 1998 йилда қабул қилинган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонун меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолатини акс эттирмайди.
Чунки сўнгги 22 йил ичида Ўзбекистон меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берди, хусусан, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 бараварга (8,8 млндан 13,5 млнгача киши), иш берувчилар сони 4,5 бараварга (203,2 мингдан 928,9 минггача) кўпайди.
Иккинчидан, Қонуннинг аввалги таҳрири тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳисобланмайди ва ҳозирда самарасиз бўлган эскирган норма ва қоидаларни ўз ичига олган.
Учинчидан, янги таҳрирда меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги инструментлари: тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини ўзи банд қилиш, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, малакасини ошириш, иш стажини ҳисобга олишда ахборот тизимларидан фойдаланиш акс этмоқда».