Унда сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Олий суд, Бош прокуратура, Мажбурий ижро бюроси, Адлия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари муҳим омилга айланмоқда.

Бинобарин, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашишда ҳамда давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этишда мазкур институтларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Давра суҳбати давомида кейинги йилларда қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин, барқарор ва тизимли ривожланиши учун мустаҳкам замин яратганлиги, уларнинг қабул қилиниши натижасида шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда воситачи сифатида иштирок этувчи, фуқароларнинг турли ижтимоий манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашувчи кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти ривожланиб борганлиги алоҳида таъкидланди.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган.

Мулоқот жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлаш кўп ҳолларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари қанчалик тўлиқ ва қонун талабларига мувофиқ амалга оширилаётганига бевосита боғлиқлиги, бунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамияти катта эканлиги алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбати сўнггида бу каби мулоқотлар аҳолининг долзарб муаммоларини ваколатли давлат органлари вакилларига етказиш, уларга ўз фаолиятларида ислоҳ қилиниши зарур бўлган асосий йўналишларни белгилашга хизмат қилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасида умумий мулоқот платформасини яратишга хизмат қилувчи бу каби тадбирларни мунтазам ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.