Бўка туманидаги “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси давлат хизматларидан фойдаланиш учун 25 чақирим масофа босиб, туман марказига боришларига тўғри келади. Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқ аҳолисининг узоғини яқин қилиш мақсадида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Қишлоқ аҳолиси бир қатор йўналишлар, жумладан, cув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича навбатга қўйиш учун ариза бериш, электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланди. Шунингдек, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш, кадастр соҳасидаги хизматлар бўйича 15 дан зиёд сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тўғрисида ҳам кенг қамровли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Навбатдаги сайёр хизмат манзили Пискент туманининг Файзабод маҳалласи бўлди. Мазкур маҳалла кўп миллатли бўлиб, 5 минг 300 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолига енгиллик ва қулайлик яратишни мақсад қилган марказ ходимлари давлат хизматларидан уйда ўтириб ҳам фойдаланиш мумкинлиги, давлат хизматлари соҳасидаги янгиликлар ва яратилаётган имтиёзлар ҳақида йиғилганларга тушунтириш олиб борди. Шундан сўнг, маҳалла аҳолисига давлат хизматлари кўрсатишга киришилди. Сайёр хизмат давомида юртдошларимиз фарзандини давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича навбатга қўйиш учун ариза бериш, кадастр паспортини шакллантириш, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш, солиқдан қарзи бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот олиш каби 30 га яқин давлат хизматларидан фойдаланди.
— Олис қишлоқ ва маҳаллаларда яшайдиган аҳоли кўпинча туман марказига бориб давлат хизматларидан фойдаланишга вақти ҳам, имкони ҳам бўлмайди, — дейди “Файзабод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маъруф Нормуродов. — Бугун марказ ходимлари маҳалламиз фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга яқиндан кўмаклашди. Кимдир фарзандини боғчага қўйишга ариза ёзган бўлса, кимдир яшаб турган уйининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштирди. Шунингдек, сайёр хизмат давомида хизматларни марказларга бормасдан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон тарзда олиш ҳам тарғиб қилинди. Мазкур портал орқали мурожаат қилган шахсларга марказга шахсан бориб тўланадиган тўловга нисбатан камроқ тўлаш имконияти, яъни имтиёз бериш орқали қулайликлар яратилганлиги тушунтирилди. Бундай қулайликлардан самарали фойдаланиш эса фуқароларимизнинг вақти ҳам, маблағи ҳам тежалишига хизмат қилади. Қолаверса, давлат хизматлари марказларидаги навбат кутишларнинг олди олинади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, Пискент туманида шу кунга қадар аҳолига 15 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, шундан 300 га яқинини сайёр давлат хизматлари ташкил этади, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати.