Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистонда 2030-йилгача бўлган давр учун кутилаётган аҳоли сони прогноз қилинди  ва бунинг ижтимоий соҳага таъсири ўрганилди. 

—  2030-йилгача бўлган даврда ҳар йили ўрта ҳисобда 900-950 минг гўдакнинг дунёга келиши кутилмоқда.
—  Бир аёлга тўғри келадиган болалар сони 3,17 ни ташкил этади.
—  2030-йилга борганда мамлакат аҳолиси 41 миллион кишидан ошиши кутилмоқда. 
—  3-6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 81% бўлиши кутилаяпти ва бунинг учун мактабгача таълим муассасаларида 1 миллион 400 минг нафар бола учун янги ўринлар ташкил этиш зарур.
—  Прогнозларга кўра, олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50% га етади ва бунда ОТМларнинг ҳозирги салоҳиятини 8 йил ичида 1,5-1,8 марта ошириш талаб этилади.

—  2030-йилгача амбулатория-поликлиника муассасалари сонини 7041 тага етказиш лозим (2021 йилда 6676 та).

Мамлакатимизда туғилиш даражасининг нима сабабдан юқори эканлигини аниқлаш мақсадида ПМТИ томонидан 2022-йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида сўров ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 25-45 ёш оралиғида бўлган ва 3 нафар ва ундан кўп фарзандлари бор 200 нафар аёл иштирок этди (N=200).

Сўров натижаларига кўра, қуйидагилар маълум бўлди:
—  Саломатлиги (43,8%) ва оилавий шароитининг яхшиланиши (47,9%) фарзанд кўришга қарор қилишдаги асосий сабаблардир.
—  Оилаларнинг 36,2% и яна бир фарзанд кўриш, 19,0% и ўғил фарзандли бўлиш, 14,3% и эса қиз фарзандли бўлиш истагини билдирди. Оилаларнинг 33,4% да гўдак режалаштирилмаган ҳолда дунёга келган. 

Эконометрик таҳлил натижаларига кўра, реал даромаднинг аҳоли жон бошига улуши ошаётгани, аёллар орасидаги ишсизлик Ўзбекистонда туғилишга таъсир этувчи омиллар  эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, аёлларни олий таълим билан ва болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг ошиши туғилиш даражасининг пасайишига олиб келиши маълум бўлди.