Сирдарё тумани марказидан 15 километр олисда жойлашган Бахт шаҳарчасида Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган маҳаллабай ўрганишлар, фуқаролар билан суҳбатлар айнан шу ҳудудда “Бахт” филиалини ташкил этиш учун асос бўлди. 

Энди Бахт шаҳарчасининг Орзу, Аҳиллик, Бешбулоқ, Туркистон, Янгиобод, Навоий, Деҳқонобод ва Истиқбол каби маҳалла фуқаролар йиғинларининг 33 минг нафарга яқин аҳолиси Давлат хизматларидан фойдаланиш учун туман марказига қатнаб овора бўлмайди. 

Айни пайтда вилоятдаги Давлат хизматлари марказларининг 5 та филиали ҳафтанинг 2 кунида фаолият кўрсатаётган бўлса, янги ташкил этилаётган “Бахт” филиали ҳафтанинг 6 куни давомида тўлиқ фаолият кўрсатади. Икки нафар ходим филиалга ташриф буюрувчиларга исталган турдаги давлат хизматларини кўрсатади. 

Дарҳақиқат, катта ўзбек тракти М-34 йўлининг четида жойлашган ушбу ҳудудида кўпчилик яхши биладиган Бахт бозори жойлашган. Филиалнинг айнан бозорга яқин ҳудудда жойлашгани эса бозорга келган аҳолига бирйўла зарур давлат хизматларидан фойдалана олишдек қулайликни яратиб беради.

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўбаси