Давлат сиёсати илк бор муаммоларни яширмасдан, очиқ тан олиш, уларни аниқ рақамлар асосида таҳлил қилиш ва тизимли ҳал этишга қаратилди. Бу эса янги Ўзбекистон ислоҳотларининг асосий фарқи ва устун жиҳатидир.
Ҳар қандай ислоҳотнинг муваффақияти, аввало, унинг қай даражада аниқ маълумотлар, ишончли статистика ва холис таҳлилларга таянаётгани билан белгиланади. Шу маънода, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш янги Ўзбекистон ислоҳотларининг муҳим пойдеворидир. Чунки давлатни самарали бошқариш учун, аввало, давлат қайси аҳоли билан, қандай ресурслар билан ишлаётганини аниқ билиши шарт.
Аҳолини рўйхатга олиш орқали мамлакатда қанча аҳоли яшаяпти, ёш таркиби қандай, меҳнатга лаёқатли уларнинг улуши қанча, аҳолининг тахминан 60 фоизи меҳнат ёшида, 51 фоизи шаҳарларда, 49 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилаётгани каби ҳаётий муҳим маълумотлар аниқланади. Бу маълумотларсиз таълим, соғлиқни сақлаш, пенсия, бандлик, уй-жой сиёсатида тўғри қарор қабул қилиш мумкин эмас.
Масалан, ҳар йили Ўзбекистонда ўртача 800-900 минг бола мактаб ёшига етади. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 73 ёш атрофида. Кекса аҳоли улуши йил сайин ошиб бормоқда. Бу эса пенсия тизими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматларни олдиндан режалаштиришни талаб қилади. Ана шу режалаштиришнинг илмий асоси аҳолини рўйхатга олишдир.
Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун, тегишли фармон ва қарорлар бу жараённи БМТнинг Статистика комиссияси ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти халқаро тавсияларига мувофиқ ўтказишни белгилаб берди. Қонунчиликка кўра, аҳолини рўйхатга олиш ҳар 10 йилда камида бир марта ўтказилиши ва унинг натижалари давлат дастурлари учун асос бўлиши шарт.
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ҳам стратегик аҳамиятга эга. Бугун қишлоқ хўжалиги мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 25-27 фоизини, аҳоли бандлигининг қарийб 30-35 фоизини ташкил этади. Мамлакатда 4 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ер, минглаб фермер ва деҳқон хўжаликлари мавжуд. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш орқали қайси ҳудудда ердан самарасиз фойдаланилаётгани, сув танқислиги қаерда кескин экани, қайси тармоқларда маҳсулдорлик пастлиги аниқланади. Бу эса аграр ислоҳотларни манзилли қилиш имконини беради.
Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг асосий тамойили — “аввало аниқ маълумот, кейин тўғри қарор”. Шу тамойил асосида давлат сиёсатининг яна бир муҳим йўналиши — камбағалликни қисқартириш сиёсати шаклланди. Сўнгги тўққиз йилда “камбағаллик” тушунчаси илмий ва сиёсий муомалага очиқ кириб келди. Бу тасодифий эмас. Чунки айрим ҳудудларда камбағаллик даражаси
15-17 фоизгача етгани, баъзи қишлоқ жойларда ҳар беш хонадондан бири барқарор даромад манбаига эга эмаслиги аниқ рақамлар билан кўрсатилди.
Муаммони очиқ тан олиш — уни ҳал этишнинг биринчи шарти. Шу асосда Ўзбекистонда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташкил этилди. Бу вазирлик камбағалликка қарши курашни умумий шиор эмас, балки маҳаллабай ва хонадонбай аниқ механизмлар асосида олиб бормоқда. Ҳар бир маҳаллада аҳолининг меҳнат салоҳияти, даромад манбалари ўрганилмоқда, ҳар бир ҳудуд, маҳалла, қолаверса, хонадонларни қамраб олган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ишлаб чиқилди.
Камбағалликни қисқартиришнинг мақсади инсонни нафақага қарам қилиш эмас, балки ишли қилиш, тадбиркор қилиш, яхши ва фаровон яшашга олиб чиқишдир. Шу мақсадда амалга оширилган ишлар натижаси сифатида сўнгги йилларда камбағаллик даражаси пасайиб, миллионлаб аҳоли турмушида реал ўзгаришлар бўлаётир. Хусусан, камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушиб, 1435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланган.
Бу жараён озиқ-овқат хавфсизлиги билан ҳам бевосита боғлиқ. Бугун дунёда иқтисодий инқирозлар, логистика муаммолари, озиқ-овқат тақчиллиги хавфи ортиб бормоқда. Шу шароитда Ўзбекистон учун аҳолини ўз маҳсулотларимиз билан тўлиқ таъминлаш ҳаётий аҳамиятга эга. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш орқали экин майдонлари оптималлаштирилди, маҳсулдорлик оширилди. Айрим асосий маҳсулотлар бўйича ўз-ўзини таъминлаш даражаси 90 фоиздан ошди.
Ортиқча маҳсулотларни экспорт қилиш орқали давлат иқтисодиётига миллиардлаб доллар валюта тушумлари кириб келмоқда. Айни пайтда “ўзбек бренди”ни дунёга танитиш сиёсати юритилмоқда. Президентимиз Мурожаатномасида иқтисодиёт ва экспорт салоҳияти ошгани ҳақида аниқ рақамлар келтирилгани ҳам бежиз эмас: жорий йил экспорт 23 фоиз ўсиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши, ялпи ички маҳсулот 145 миллиард доллардан ошгани айтилган. Бу рақамлар аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган реал иқтисодий асос борлигини кўрсатади.
Тарихга назар ташласак, давлат қудрати ҳар доим аниқ ҳисоб-китобга таянган. Амир Темур даврида ҳам аҳоли, ер, солиқ ва ҳарбий ресурслар қатъий ҳисобга олинган. “Темур тузуклари”да ҳар бир ҳудуд имкониятларига қараб бошқарилгани таъкидланади. Бугун янги Ўзбекистонда бу тамойил замонавий, рақамли усуллар асосида давом этмоқда.
Энг муҳими, аҳолининг тинчлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш фақат битта қарор ёки битта дастур билан эмас, балки доимий таҳлил, мунтазам ўрганиш ва жамоатчилик фикрига таяниш орқали амалга ошади. Бугунги ислоҳотлар даврида давлат “бир марта режа — умрбод ижро” услубидан воз кечиб, “доимий мониторинг — доимий янгилаш” тамойилига ўтмоқда. Бу ерда социологик тадқиқотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга: аҳолининг кайфияти, эҳтиёжлари, хизматлар сифатига баҳо, маҳалладаги муаммолар харитаси, ёшлар бандлиги, аёллар фаоллиги, миграция сабаблари каби масалалар доимий ўрганилса, ислоҳотлар манзилли ва самарали бўлади.
Шу нуқтаи назардан, янги Ўзбекистон ислоҳотларида доимий социологик таҳлиллар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Агар аҳолининг кайфияти, эҳтиёжлари, муаммолари, давлат хизматларига муносабати вақти-вақти билан ўрганилмаса, ҳатто энг тўғри қарор ҳам кутилган самарани бермаслиги мумкин. Шу боис, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бир марталик тадбир эмас, балки узлуксиз мониторинг ва таҳлил тизимининг бошланғич нуқтасидир. Рўйхатга олиш рақамларни беради, социологик тадқиқотлар эса шу рақамлар ортидаги реал ҳаётни очиқлайди.
Шунинг учун аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш фақат “давлат учун ҳисобот” эмас, балки ҳар бир фуқаро учун наф келтирадиган жараёндир. Чунки рўйхатга олиш орқали давлат хизматлари қаерда кам, қаерда сифат паст, қаерда инфратузилма етишмайди — аниқлашади. Демак, кейинги қарорлар ҳам “умумий” эмас, балки маҳалла ва хонадон эҳтиёжига қараб қабул қилинади.
Мазкур жараёнда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси фаол иштирок этиши жуда муҳим. Рўйхатга олишга холис маълумот бериш — жамоатчилик назоратининг бир кўриниши. Чунки аҳоли ҳақидаги маълумотни энг яхши биладиган ҳам, унинг ҳаққонийлигини таъминлайдиган ҳам фуқаронинг ўзи. Тўғри ва аниқ маълумот бермаслик ёки бепарволик аслида ўз маҳалласи, ўз хонадони манфаатига бефарқликдир. Аниқ маълумот берилган жойда мактаб ҳам, шифохона ҳам, иш ўрни ҳам аниқ эҳтиёжга қараб яратилади. Президентимиз Мурожаатномада маҳалланинг жамиятдаги ўрнини таъкидлар экан, маъно жиҳатдан ниҳоятда кучли фикр айтган: “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч… Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади”. Бу гап рўйхатга олиш, ижтимоий ҳимоя, камбағалликни қисқартириш ва маҳалла тараққиёти бир занжир эканини яна бир бор кўрсатади.
Бу ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши хизмат турларини рақамлаштиришдир. Рақамлаштириш нафақат давлат идораларининг ишини тезлаштиради, балки фуқаронинг ўз ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш имкониятини ҳам кенгайтиради. Рақамлаштириш орқали давлат хизматлари аҳолига яқинлашмоқда, ортиқча қоғозбозлик, навбатлар ва инсон омилига боғлиқ тўсиқлар қисқармоқда. Энг муҳими, рақамли тизимлар фуқарога ўз маълумотларини кўриш, текшириш ва назорат қилиш имконини беради. Фуқаро ўз хонадони, ер майдони, қишлоқ хўжалиги фаолияти, ижтимоий имтиёзлари ҳақидаги маълумотларни очиқ кўра олса, бу шаффофлик ва ишончни мустаҳкамлайди. Масалан, рақамли хизматлар орқали фуқаро ўз маълумотларини текшириши, ўз хонадони ёки хўжалигига тааллуқли маълумотларни кузатиши, имтиёзлар, субсидиялар, солиқлар, ер ҳисоботи, чорва ва экинлар ҳақидаги маълумотларини тартибга солиши мумкин. Бу эса шаффофликни оширади, коррупция хавфини камайтиради, инсон омилига боғлиқ кечикишларни қисқартиради.
Шу нуқтаи назардан қараганда, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг яна бир катта вазифаси мамлакатнинг рақамли бошқаруви учун ишончли “асосий маълумотлар базаси”ни яратишдир. Рўйхатга олиш маълумотлари тўлиқ ва аниқ бўлса, рақамлаштириш ҳам мазмун касб этади: давлат хизматлари “қоғоз”га эмас, реал аҳоли ва реал ресурсларга таянади. Демак, фуқаро ҳам ўзини, хонадонини, хўжалигини назорат қилиш ва ривожлантириш имкониятига эга бўлади.
Бу умумий йўналишлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланаётган мақсадларга ҳам хизмат қилади. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ана шу мақсадларнинг ҳар бирига хизмат қилувчи асосий восита ҳисобланади. Стратегиянинг ўзида ислоҳотларнинг изчил, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, жамоатчилик назорати ва фуқаролик иштироки муҳимлиги қайд этилгани бу жараёнда аҳоли иштирокини кучайтиришга чақириқдир.
Президентимиз ўз Мурожаатномасида бир неча бор алоҳида таъкидлаганидек, инсон қадрини улуғлаш, халқ дардини эшитиш ва қарорларни халқ манфаатига мос қабул қилиш давлат сиёсатининг бош мезонидир. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ана шу ғояларни амалий ҳаётга татбиқ этади, давлат билан фуқаро ўртасида ишончни мустаҳкамлайди.
Шунингдек, Мурожаатномада 2026 йилга алоҳида руҳ ва мақсад берилиб, 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу номнинг ўзи ҳам аҳоли билан ишлаш, маҳалла тизимини кучайтириш, ижтимоий барқарорлик, тарбия, жамоатчилик назорати ва фаровонликни таъминлашда маҳалланинг ҳал қилувчи ўрни борлигини англатади. Демак, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш айнан шу йил устувор вазифаларини амалий жиҳатдан таъминлайдиган энг зарур воситалардан биридир: ким қайси маҳаллада яшаяпти, қандай эҳтиёж бор, қандай ресурс бор, қандай муаммо бор — аниқ маълумот бўлмаса, жорий йил номи ва унинг мазмуни тўлиқ очилмайди. Рўйхатга олиш йилни ва келажакни амалий натижага айлантирадиган муҳим воситадир.
Юқорида келтирилган барча ислоҳотлар, дастурлар ва стратегик мақсадларнинг пировард натижаси, аввало, аҳолининг тинчлиги ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган. Тинчлик фақат хавфсизлик ёки осойишталик эмас, балки инсоннинг эртанги кунга ишончи, ўз оиласи, хонадони ва меҳнати билан муносиб яшаш имкониятидир. Ана шу ишончни таъминлаш учун давлат қарорлари тасодифий эмас, балки доимий таҳлил, мунтазам ўрганиш ва жамоатчилик фикрига таянган ҳолда қабул қилиниши зарур.
Хулоса ўрнида айтганда, барча ҳамюртларимиз аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида фуқаролик масъулиятини ошириб, берилаётган маълумотларнинг тўғрилиги унинг маҳалласи ва хонадони манфаатига хизмат қилишини англаб етиши керак.
Негаки, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш янги Ўзбекистон ислоҳотларининг фақат бир йўналиши эмас, балки барча ислоҳотларни боғлаб турувчи стратегик асосдир. У инсон қадри, аҳоли тинчлиги, фаровон ҳаёт, барқарор иқтисодий ўсиш ва ривожланган давлат қуриш мақсадларига хизмат қилади. Ана шу жараёнда ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки эса мамлакатимиз келажагини белгилайдиган энг муҳим омил ҳисобланади.
Азизбек АМОНОВ,
социология фанлари бўйича фалсафа доктори