Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Бугунги кунда юртимизда 14 та “Ишга марҳамат” мономаркази, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани ҳамда Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиш учун профессионал таълим муассасаларининг фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб мономарказлар битирувчиларининг касбий малакасини “WorldSkills” халқаро стандартлари асосида баҳолаш, уларга барча давлатда тан олинадиган Skills паспорти берилиши йўлга қўйилди ва касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг Ягона реестри шакллантирилди. Ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилди.
Ушбу таълим муассасаларида жорий йилнинг 4 ойи давомида 62 минг нафарга яқин ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар меҳнат бозорининг эҳтиёжидан келиб чиқиб касб-ҳунарга ўқитилди.
Бундан ташқари тегишли вазирлик ва идораларнинг “Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, туман, шаҳарларда ишсиз ва банд бўлмаган 14 минг нафар ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва бизнес лойиҳаларини амалга ошириш орқали бандлигига кўмаклашилди.
Бугунги кунда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари таркибида расмий равишда 31 та Кунлик меҳнат марказлари фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар томонидан 2021 йил январь-март ойлари давомида 5,1 минг нафар фуқароларга вақтинчалик иш топишга кўмаклашилди. Таъкидлаш жоиз, вақтинчалик бир марталик ишларга жалб этиш бюролари орқали ҳудудларда аҳоли асосан қурилиш ишлари, уй хўжалиги ишлари, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш ишлари, юк ташиш ва бошқа йўналишдаги ишларга жалб этилмоқда.