Мамлакатимизда илк бор ўтказилиши белгиланган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик ишлари дунё мамлакатлари, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб келяпти. Мазкур масала бўйича БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Аҳолишунослик жамғармаси, МДҲ Статистика қўмитаси ва шу каби бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олинмоқда.

Ўзбек тилидаги қўлланма БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг веб сайтида

Дунё мамлакатларига аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни режалаштириш ва уни ўтказишда ёрдам кўрсатиш мақсадида БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Европа иттифоқининг статистика хизмати ва бир қатор аъзо давлатлар иштирокида тайёрланган “Европа статистиклари конференциясининг 2020 йил раундида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш бўйича тавсиялари” номли қўлланма БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг техник кўмаги асосида Давлат статистика қўмитаси мутахассислари томонидан ўзбек тилига таржима қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда дунёда 200 дан ортиқ давлат мавжуд бўлиб, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг расмий веб сайтида мазкур қўлланманинг фақат инглиз, француз ва рус тилларидаги талқинлари (таржималари) жойлаштирилган, холос. Унинг илк маротаба ўзбек тилига таржима қилиниши ва БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг расмий веб сайтида жойлаштирилиши янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг, хусусан, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун кўрилаётган тайёргарлик жараёнларининг дунё ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан юксак баҳоланаётганлиги ва тан олинаётганлигидан далолат беради.

Яна бир муҳим жиҳати, ўзбекча қўлланманинг БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг расмий веб сайтида жаҳон тилларидаги талқинлари билан ёнма-ён туриши эса ҳар биримизга ғурур бағишлаб, она тилимизнинг дунёдаги мақеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу тавсиялар мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик жараёнларида иштирок этувчиларнинг билимини ошириб, тадбирнинг сифатли ўтказилишида муҳим роль ўйнайди.

 Юқори баҳога мос ҳозирлик

Мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш жараёнлари халқаро ташкилотлар томонидан катта қизиқиш билан кузатиб борилмоқда. Жорий йилнинг 6 — 8 апрель кунлари ушбу тадбирга ҳозирликнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида МДҲ Статистика қўмитаси раиси Владимир Соколиннинг мамлакатимизга амалий ташрифи ҳам буни тасдиқлайди.

Ташриф давомида Давлат статистика қўмитаси марказий аппаратида амалий семинар ташкил этилиб, унда масъуллар ҳамда видеоконференция орқали ҳудудий статистика бошқармалари вакиллари иштирок этди. Учрашувда хорижий давлатларнинг статистика соҳасидаги тажрибалари, хусусан, демография статистикаси, аҳолини рўйхатга олиш тадбири ва COVID-19 пандемияси шароитда уни йўлга қўйиш тажрибаси хусусида фикр-алмашилди.

Владимир Соколин Юқори Чирчиқ туманининг "Қорасув" ва "Гулистон" ҳамда Яшнобод туманининг “Ўқчи” ва “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, жойларда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирига кўрилаётган тайёргарлик жараёнларини юксак баҳолади. Маълумки, бу жараён мазкур ҳудуд билан бир қаторда  Андижон вилоятининг Хўжаобод, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ўтказилади.

Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан туман ва шаҳардаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида мавжуд хонадонлар ва унда яшовчи аҳоли сони тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилди. Унинг мазмун-моҳияти ҳамда келгусида ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизга таъсири хусусида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Рўйхат тузувчилар фаолияти қай даражада муҳим?

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўришнинг энг муҳим босқичларидан бири бу —шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг хариталари жойига чиқиб ўрганиш ва аҳоли сонига аниқлик киритган ҳолда,  хонадонлар рўйхатини янгилаш ҳисобланади. Бу ишлар учун уй-жойлар рўйхатини тузувчилар (регистраторлар) фуқаролик-ҳуқуқий шаклдаги шартнома асосида вақтинча ишга жалб этилади. Шу мақсадда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган ҳудудларда ҳудудий комиссиялар билан ҳамкорликда жами 175 нафар рўйхат тузувчи жойлардаги статистика, кадастр, уй-жой коммунал хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда маҳалла органлари ходимлари орасидан танлаб олиниб, жорий йилнинг 28-30 апрель кунлари махсус дастур асосида ўқитилди ва танланма равишда маҳаллаларга чиққан ҳолда амалий кўникмалари оширилди. 

Ўқитиш жараёнларида БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ю. Ю. ҳам иштирок этиб,  регистраторларга уй-жойлар рўйхатини тузиш жараёнларида эътибор берилиши лозим бўлган муҳим масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берди.

Улар жорий йилнинг май ойи давомида фаолият юритиб, ўзларига бириктирилган участкадаги уй-жойлар ва уларда яшовчи аҳоли сонини ҳақиқий ҳолат билан бирма-бир солиштириб чиқишди. Йиғилган маълумотлар синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини тузишда ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади. Яъни, улар асосида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири учун зарур бўладиган аҳолини рўйхатга олиш, инструкторлик ва ҳисоб участкалар ҳамда уларга жалб этиладиган ходимлар сони шакллантирилади. Шунингдек, тадбирни ташкил этиш учун зарур бўладиган жиҳозлар ва товар моддий бойликлар миқдорига ҳам аниқлик киритилади. Бу эса ўз навбатида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш
нима учун зарур?

Шу ўринда табиий савол туғилади. Хўш, синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш нима учун зарур? Бу тадбир 2023 йилда умумдавлат миқёсида ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўришнинг асосий босқичи ҳисобланади. Бу жараёнда аҳолини рўйхатга олишга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий қўлланмалар, рўйхатга олиш дастури, саволнома, бирламчи маълумотларни киритиш ва қайта ишлаш бўйича ахборот тизими амалий синовдан ўтказилади. Унда қанча кўп респондентлар (аҳоли) иштирок этса, кўпроқ камчиликларни аниқлаш ва тузатиш имкони туғилади, Пировардида мамлакатимиз миқиёсида ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирини сифатли ва самарали ўтказилиши таъминланади.

Тадбирни сифатли ва халқаро талабларга мос равишда ўтказиш мақсадида тўртта ҳудудда ҳам аҳолини рўйхатга олиш бўлимлари ташкил этилди.  Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, унга вақтинча жалб этиладиган ходимларнинг жами сони 2503 нафарни ташкил этган ҳолда, уларнинг фаолият юритиш муддатлари 20 дан 90 кунгача бўлган вақтни қамраб олади.

Аҳоли қандай рўйхатдан ўтказилади?

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1—5 ноябрь кунлари интернет тармоғи орқали аҳоли рўйхатга олинади (бунда яратилган махсус дастур орқали синов ҳудудида рўйхатда турувчи исталган фуқаро ўзи мустақил равишда рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади);

6-10 ноябрь кунлари интернет тармоғи орқали қайддан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхати шакллантирилади;

11-22 ноябрь кунлари  рўйхатга олувчи ходимлар уйма-уй юрган ҳолда аҳолини рўйхатга олади;

23-25 ноябрь кунлари ҳар бир ҳисоб участкасидаги уй-жойлар манзилларининг 10 фоизи танланма равишда назорат кузатуви асосида қайта ўрганилади.

Мазкур жараёнда агар респондент (аҳоли) яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаса, стационар участкага ташриф буюрган ҳолда, рўйхатдан ўтиши учун имконият яратилади. Улар томонидан тақдим этилган маълумотлар ўзларининг рухсатисиз ошкор этилмайди ва махфийлиги кафолатланади.

Шу ўринда қизиқ бир факт. Америка Қўшма Штатларида аҳолини рўйхатга олиш давомида тўпланган респондентларнинг (фуқароларнинг) шахсга доир маълумотлари 72 йил ўтгандан сўнг оммага эълон қилинади. Бунинг муҳим жиҳати шундаки, келажак авлодлар ўз аждодлари қандай яшаганликлари ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлади. Мамлакатимизда ҳам аҳолини рўйхатга олишда тўпланган шахсга доир маълумотларни маълум бир муддатдан сўнг эълон қилиш бўйича таклифлари тайёрланмоқда.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш натижалари бўйича маълумотлар таҳлил қилиниб, унинг ташкилий режаси, рўйхатга ўтказиш усуллари, дастури ва саволномалари ҳамда бирламчи маълумотларни киритиш ва қайта ишлаш бўйича ахборот тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

Маҳмуджон ЗИЁДУЛЛАЕВ,
Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари,

 юридик фанлари  бўйича фалсафа доктори (PhD)