Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойиши билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоятлардаги бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилиниб, Низоми тасдиқланган эди.

Жамғарма Низомига асосан маҳаллалардаги ҳар бир оила, фуқаронинг моддий аҳволи ўрганилган ҳолда ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари хажми шакллантирилади. Секторлар раҳбарлари томонидан йиғилган маълумотлар Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари сессиясида муҳокама этилиб, сессия қарорига асосан жамғарма маблағлари аниқ кўрсатилган мақсадларга йўналтирилади.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида фонд шаҳар бўлими қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармасига 694,2 миллион сўм келиб тушган.

Халқ депутатлари Ғозғон шаҳар Кенгашининг тегишли қарорларига кўра, “Обод қишлоқ” дастури доираси “Тумар” ва “Мармаробод” маҳаллаларида олиб борилган бунёдкорлик ишларига 316,8 миллион сўмлик қурилиш материаллари олиб берилган бўлса, 145,7,0 миллион сўмлик парранда шаҳардаги 54 нафар эҳтиёжманд оилага  тарқатилди. Шунингдек, 10 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй-жойини таъмирлаш учун 127,5 миллион сўм маблағ ажратилган.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан “Аёллар дафтари” ва "Ёшлар дафтари"даги хотин-қизлар ҳамда ёшларга тикув машинаси харид қилинди, айримларига майда шохли моллар тарқатилди.

Шу билан бирга, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамлари муносабати билан иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронт орти қатнашчиларига ҳамда эҳтиёжманд оилаларга кундалик истеъмол маҳсулотлари етказиб берилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фонднинг шаҳар бўлинмаси томонидан шаҳарнинг истироҳат боғида ёшлар фестивали, “Уч авлод учрашуви”, умумхалқ байрамларида турли маданий-маърифий тадбирлар, спортнинг футбол, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.

 

Ҳ.Эгамов,

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ғозғон шаҳар бўлинмаси раиси