Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бюджети ҳисобидан  1779,9 км ичимлик ва 74,8 км оқова сув тармоқлари, 121 та иншоотни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, 69 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланди. Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан  119,2 км ичимлик ва 33,9 км оқова сув тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди. 4 та сув тақсимлаш иншооти қурилди ва 5 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинди.

2022 йилда «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан халқаро молия институтлари иштирокида 20 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармасининг 1 млрд 861 млн доллар қарз маблағи ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Жорий йил якунига қадар 2 трлн сўмдан ортиқ маблағлар доирасида 527 та иншоот, 5,5 минг км ичимлик ҳамда оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, халқаро молия институтларининг 245,1 млн доллар миқдоридаги маблағи ҳисобидан 1,6 миллион аҳолини илк бор ичимлик сув билан таъминлаш, 3,4 миллион аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш ва шу тариқа марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 74,2 фоизга, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик кўрсаткичини эса 18 фоизга етказиш режалаштирилган.