Марказий Осиё минтақаси халқлари узоқ тарихга эга бўлиб, ўлкада қадимдан турли миллат ва элат вакиллари бир-бирлари билан тинч-тотув ва аҳил-иноқ бўлиб яшаб келган. Инсоният тамаддунининг бешикларидан ҳисобланган ушбу масканда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, қорақалпоқ ва бошқа халқларнинг аждодлари билан ёнма-ён истиқомат қилиб келаётган халқлардан бири туркманлардир.

Ўзбек ва туркман халқлари тарихи олис мозийга бориб тақалади ва ушбу ҳамкорлик азалдан самарали тарзда ривожланганлиги туфайли муҳим тарихий аҳамиятга эгадир.

Президентимиз таъкидлаганларидек, «Тарихий ва маънавий илдизларимизнинг бирлиги дўстона муносабатларни кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратади».

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган катта ютуқларидан бири, кўп миллатли фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллатлараро тотувликнинг таъминланганлигидир. Бунда мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли миллат вакиллари томонидан вужудга келтирилган миллий маданий марказларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши – хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумотларга кўра, бундан юз йил аввал республи­камиз ҳудудида 70 га яқин миллат вакиллари истиқомат қилган бўлса, айни пайтда 136 та миллат, элат ва этник гуруҳлар яшамоқда. Мамлакатда турли миллатга мансуб фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг миллий ўзлигини англаши ҳамда этник қадриятларини сақлаб қолишлари учун кенг имкониятлар яратилди.

Юртимизда юритилаётган оқилона миллий сиёсат натижаси сифатида мактабларимизда 7 та миллий тил (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тиллари)да ўқитиш ишлари ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг телерадио каналлари орқали 10 дан ортиқ тильда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, инглиз, немис, корейс, татар, уйғур, озарбайжон тилларида) кўрсатув ва эшиттиришлар намойиш этилиб, газета ва журналлар нашр қилинмоқда.

Ўзбекистонда миллат ва элатлар ўртасида миллий жипслашиш жараёнини мустаҳкамлаш мақсадида ҳозирги пайтда 147 миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Миллий маданият марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга яқиндан кўмак кўрсатиш, айтиш жоизки, Қўмитанинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Мамлакатимизда ўзаро ҳамкорлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижаси ўлароқ, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари маданиятини равнақ топтириш ҳамда янгича мазмун билан бойитишда муҳим омил бўлувчи Ўзбекистон миллий сиёсатининг толерантлик тамойиллари ишлаб чиқилди. Унинг энг муҳим йўналишлари ҳисобланган миллатлар ва элатларни жипслаштириш, ҳар бир халқ, шунингдек ҳар қандай шахснинг ўз тенглигини демократик танлаш асосида ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олиши, суверенитет тамойиллари, шу жумладан барча фуқароларнинг эркин миллий ривожланиш ҳуқуқини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда инсон ҳуқуқларининг бошқа барча ҳуқуқлардан устунлигини тан олиш каби тамойиллари ҳаётга сўзсиз татбиқ этила бошланди.

Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласида мамлакатимизда бой тажриба тўпланиб, миллий қонунчилик ва халқаро умум эътироф этилган ҳуқуқий нормалар асосида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг ягона оилада дўстлик ва иноқликда ҳаёт кечириши ҳамда уларнинг ўз она Ватанлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда ибратли тажрибалар тўпланди. Жумладан, икки қардош – Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари ўртасидаги анъанавий ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарига асосланган алоқалар мустақиллик йилларида сиёсий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада равнақ топмоқда. Шу боис, икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришда туркманистонлик ўзбеклар ва Ўзбекистонда яшаётган туркманлар муҳим ўрин тутади.

Маълумотларга кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра мамлакатимизда истиқомат қилаётган 202 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб халқнинг ҳозирги ва келажакдаги миллий равнақи учун мамлакатимизда барча шарт-шароитлар яратилган.

Фахр ва ғурур ила таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган туркманлар ўзбек халқи билан туркий тиллар гуруҳига кириши ҳамда умумий тарихи, миллий қадриятларининг муштараклиги айни пайтда давлатлараро муносабатларда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар вакиллари қаторида Ўзбекистон ҳукумати туркман миллатига мансуб фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ва маънавий-маърифий ҳаётини ривожланишига ҳам алоҳида эътибор бермоқда.

Маълумки, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир халқ ва миллатнинг этник ўзига хослиги, тили, урф-одати, анъаналарини сақлашда муҳим роль ўйнайдиган миллий маданий марказларнинг фаолиятини ривожлантирилиши шубҳасиз, уларнинг тинч ва осойишта ҳаёти, эртанги кунга бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Туркман миллий маданиятининг анъана ва урф-одатлари ҳамда тилини сақлаган ҳолда ривожлантириш, шунингдек Туркманистон давлати билан иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва миллий-маданий соҳалардаги ҳамкорликни янада равнақ топтириш, айниқса икки халқ ўртасида ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мазкур мувофиқлаштирувчи марказнинг асосий мақсад ва вазифаларидан ҳисобланади.

Тили бир, урф-одати яқин ўзбек ва туркман халқлари азалдан қўни-қўшничиликда аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Уларнинг маданияти, санъати ва адабиёти ҳамоҳанг. Туркман халқи буюк Алишер Навоий ғазалларини севиб ўқиганидек, ўзбеклар ҳам Махтумқулини ўз шоиридек ардоқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ўтган давр мобайнида 200 нафарга яқин туркман миллатига мансуб юртдошларимиз миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаш ва ривожлантириш, дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш соҳасидаги самарали хизматлари ҳамда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот ва орденлар билан муносиб тарзда тақдирланди.

Шубҳасиз, дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро низоли вазиятлар рўй бериб турган таҳликали бир замонда Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона миллий сиёсатнинг самараси ўлароқ, турли миллат ва элат вакилларининг ягона оила бўлиб, иноқликда яшашига, қолаверса уларнинг миллий анъана ва урф-одатларини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги – мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик, айни пайтда барқарорликнинг асосий омилларидан бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзаро ҳамкорлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижаси ўлароқ, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари каби туркман миллати маданиятини равнақ топтириш ҳамда янгича мазмун билан бойитишда муҳим омил бўлмоқда. Айтиш жоизки, туркман халқининг Ватани тарихий Туркманистон давлати билан юртимиз маданий ҳамкорлигининг йилдан-йилга тобора мустаҳкамланиб бориши ҳамда ўсишида муҳим аҳамият касб этади.

Ғулом МИРЗАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Жамоат хавфсизлиги университети доценти,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори