ЖССТ Бош директори Тедрос Aдҳаном Гебрейесус, агар бой давлатлар ўзларининг адолатли улушларини ажратса, “CОVID-19 билан курашиш учун асосий тиббий воситаларни сотиб олиш, уларни паст ва ўрта даромадли мамлакатларга тақдим этишга” ёрдам беришларини айтди.
ЖССТ таъкидлаганидек, 2020-йилда Европа Иттифоқи, Франция ва Билл ва Мелинда Гейтс томонидан ташкил этилган ACT-Accelerator халқаро ҳамкорлиги пандемияга қарши курашда ушбу маблағга муҳтож.
“Фан бизга COVID-19 билан курашиш учун зарур воситаларни яратиб берди, агар улар бутун дунё бўйлаб бирдамликда тақсимланса, биз бу йил COVID-19ни глобал соғлиқни сақлашнинг фавқулодда ҳолати сифатида тугатишимиз мумкин”, деди ЖССТ раҳбари.
ЖССТнинг таъкидлашича, ACT-Accelerator учун зарур бўлаётган 16 миллиард долларнинг ажратилиши ва 6,8 миллиард AҚШ доллари миқдоридаги юк ташиш харажатларининг қопланиши бир қатор чораларни амалга ошириш имконини беради:
Мамлакатларда 600 миллион дозадан иборат “вакциналар фонди”ни яратиш,
ACT-Accelerator бюджетида режалаштирилган жами 988 миллионта тестдан камида 700 миллионтасини харид қилиш;
120 миллион нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатиш ва касалхоналарга 433 миллион куб метр кислород етказиб бериш, шу жумладан, паст даромадли мамлакатларнинг кислородга бўлган эҳтиёжини 100 фоиз қоплаш;
1,7 миллион нафар тиббиёт ходимини шахсий ҳимоя воситаси билан таъминлаш;
хавотирли ҳолатларни бартараф этиш ва универсал коронавирус вакциналарини ишлаб чиқишни бошлаш учун даволаш ва вакциналарнинг клиник синовларини қўллаб-қувватлаш мумкин бўлади.
Гап COVID-19нинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш учун хавфсиз ва самарали технологияларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни жадаллаштириш бўйича ҳамкорлик ҳақида бормоқда. ЖССТ ACT-Accelerator ҳамкорлигининг устунларидан бири бўлган COVAX механизмига ҳам катта аҳамият беради. Дастур шартларига кўра, даромади юқори бўлган давлатлар паст даромадли мамлакатлар учун вакциналарга пул тўлайди, дея хабар бермоқда ташкилот сайти.