Ушбу вазифа ижроси таъминлаш бўйича амалга оширилаётгани ишлар доирасида шу йилнинг 7 октябрь куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан академик лицейлар рейтингини аниқлаш мезонлари ва ҳисоблаш методикаси ва бу борада амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган семинар ташкил этилди.

Илк маротаба аниқланадиган рейтинг жараёнлари ҳақида соҳа вакиллари маълумот бериш, томонларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтариш ҳамда таклифларини тинглаш мақсадида видеоконференция форматида ўтказилган тадбирда Таълим инспекцияси раҳбарияти ва мутасаддилари ҳамда 68 та академик лицей директорлари ва олий таълим муассасаларидаги масъул проректорлар иштирок этди.

— Республикамизда меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган иқтидорли кадрларни тайёрлаш учун мактаблардан академик лицейларга саралаб олиш ҳамда ушбу муассасаларда сифатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун эса академик лицейларда чуқурлаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитиш, уларнинг фан олимпиадаларидаги иштирокини кенгайтириш, илмий фаолиятга бўлган қизиқишини ошириш, “устоз-шогирд” тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассисларга бириктириш муҳим аҳамиятга эга, — деди инспекция бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Хабарингиз бор, инспекция томонидан сўнгги уч йилда мактаблар ва олий таълим муассасалари рейтинги аниқланиб қилинмоқда. Қувонарлиси, ушбу муассасаларда ҳар йили деярли барча сифат кўрсаткичлари бўйича ижобий ўсиш динамикаси кузатилмоқда.

Илк маротаба аниқлаётган академик лицейлар рейтинги ҳам ушбу муассасалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, улар орасида энг юқори ва паст кўрсаткичга эгаларини аниқлашга ҳамда лицейларда мавжуд таълим сифати кўрсаткичларини аниқ ва шаффоф баҳолаш орқали келгусида кўриладиган чора-тадбирларни белгилаб олишга имконият яратади.

Тадбир давомида инспекция масъул ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган академик лицейлар рейтингини аниқлаш мезонлари ва ҳисоблаш методикаси ҳақида иштирокларига тақдимот ўтиб беришди.

Шундан сўнг иштирокчилар рейтингни аниқлаш жараёнларини ташкил этиш ва бу борада кун тартибида турган масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ўз навбатида академик лицей директорлари рейтинг тизими йўлга қўйилиши лицейларни ҳаракатга келтирувчи ўзига хос механизм вазифани ўташи, олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигининг ошиши ҳамда таълим сифати ва самарадорлигининг яхшиланишига хизмат қилиши таъкидланди.