Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчиси генерал-лейтенант Турсинхан Худайбергенов, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, академия профессор-ўқитувчилари, курсантлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда генерал-лейтенант Турсинхан Худайбергенов ҳамда Академия бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев сўзга чиқиб, cўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида таълим тизимини ислоҳ этиш, ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кўплаб ишлар амалга оширилиб келинаётганини таъкидлашди.
Бу борада “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлар юртимизда олий маълумотли мутахассис кадрларни тайёрлаш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ушбу ислоҳотлар жараёнида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилаётган эътиборни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамиятга эга.
— Ёш офицер учун генерал қўлидан диплом ва ҳарбий унвон олиш катта ишонч ва фахр-ифтихор десак, муболаға бўлмайди, — дейди академия бошлиғининг ўринбосари полковник Чориёр Хўжанов. — Бу лаҳзалар уларнинг ҳаётида бир умрлик олтин саҳифалар бўлиб қолади. Ҳарбий кийим-боши ўзларига ярашиб турган навқирон ёш фарзандларимизнинг муқаддас ва шарафли бурчларини сидқидилдан бажаришларига, жонажон Ватанимиз, халқимизга садоқат билан хизмат қилишларига, билдирилган юксак ишончни оқлайдиган офицерлар бўлишларига ишонамиз.
Халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлиғини асраш ҳам шараф, ҳам масъулият. Қутқарувчиликдек машаққатли касбни эгаллаб, Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишга шайланиб турган битирувчилар бугун ана шундай туйғуларни ҳис этишмоқда.
— Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз, — дейди битирувчи, лейтенант Ислом Мирзааҳмедов. — Бизни вояга етказган ота-оналаримизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратиб берилаётган кенг имконият ва шарт-шароитларга жавобан, хизмат фаолиятимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз, деб ваъда берамиз.
— Бугун фарзандим Исломжон офицерлик унвонини олиб, мустақил ҳаётга йўл олаётганидан бошим кўкка етди, — дейди Мирзоҳид Мирзааҳмедов. — Ўзим ҳам шу соҳада меҳнат қилаётганлигим учун ўғлим ҳам мана шу касбга меҳр қўйди. Ишонаманки, фарзандим Ватанимиз ва халқимиз хизматида бўлиб, ушбу олий даргоҳда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаб, юртимиз осойишталигини таъминлашда бор куч ва шижоатини сафарбар этади.
Тадбир шодиёнаси академия “Маънавият ва маърифат” маркази бошлиғи подполковник Савриддин Нажмиев ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқларга уланиб кетди.
Фарҳоджон ХОЖАЕВ,
ФВВ академияси катта ўқитувчиси,
капитан