Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарлари, масъул ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар ва курсантлар, Вазирлик матбуот хизмати ходимлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев, Академия бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда олий таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинаётганини таъкидлади. 

Битирувчиларга “диплом” ва “лейтенант” ҳарбий унвони генераллар томонидан тантанали равишда топширилди. Бу ўқув йилида “Ёнғин хавфсизлиги” ва “Техносфера хавфсизлиги” мутахассисликлари бўйича таҳсил олган 150 нафар битирувчилардан 5 нафари имтиёзли диплом билан битирди.

— Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз, — Бизни вояга етказган ота-оналаримизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз — дейди битирувчи лейтенант Сардорбек Тоҳиров – Албатта, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлигини асрашдек шарафли касбни эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишганимиздан ва Она Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан фахрланамиз. Келгусидаги хизмат фаолиятимизда халқимизнинг тинчлик-осойишталиги, хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Тантана давомида сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, таклиф этилган меҳмонлар ёш офицерларни самимий муборакбод этди. Тадбир шодиёнаси Академия оркестри ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқларга уланиб кетди.

Майор Фарҳоджон ХЎЖАЕВ,

Академия катта ўқитувчиси.