Йиғилишда уюшма бўлими бошқаруви аъзолари, ҳудудий ОАВ масъуллари ҳамда соҳа фахрийлари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда очиқлик сиёсатини таъминлаш, «Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикаси»ни яратиш борасидаги ислоҳотларга алоҳида тўхталди.

Кун тартибидаги асосий масала — бўлимга раис сайлаш жараёнида иштирокчилар томонидан кўрсатилган номзодлар кўриб чиқилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Акбар Раҳмонов Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси этиб сайланди.

Тадбир давомида сўзга чиққан «Адолат кучи» газетаси бош муҳаррири Норбўта Ғозиев ва журналист Шавкат Аминовлар янги раҳбарнинг номзодини қўллаб-қувватлаб, унинг соҳадаги тажрибасини эътироф этдилар.

Акбар Раҳмонов 1979 йилда Чироқчи туманида туғилган. У соҳада бой тажрибага эга журналист сифатида танилган:

Иш фаолиятини 2005 йили «Қашқадарё ёшлар спорти« газетасида мухбирликдан бошлаган. «Қашқадарё спорти» газетаси бош муҳаррири, «Спорт«, «Ўзбекистон футболи» ҳамда «Маърифат» газеталарининг вилоят бўйича махсус мухбири бўлиб ишлаган.

Ҳозирда у Вазирлар Маҳкамасининг нашри — «Янги Ўзбекистон» газетасининг Қашқадарё вилояти бўйича ўз мухбири сифатида фаолият юритмоқда.

Эндиликда А.Раҳмонов «Янги Ўзбекистон» газетасидаги фаолиятини Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раислиги билан биргаликда давом эттиради.