Мақола муаллифи - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг Қонунчилик палатасида ахборот фаолиятини мувофиқлаштириш ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқалар бўйича ўринбосари Одилжон Тожиевнинг ёзишича, янги Ўзбекистон жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ўзгартириш ва барқарор ривожлантириш йўлидан бораётгани, бунда ижтимоий-иқтисодий такомиллашув масаласига устувор даражада эътибор қаратилаётир.
Қайд этилганидек, янги Ўзбекистоннинг 2026 йилгача мамлакатни барқарор ривожлантиришнинг асосий мақсадларини ўз ичига олган тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар ва мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилган. Ўз-ўзидан аёнки, ушбу мақсадларга эришиш учун иқтисодиётда соғлом рақобатни янада такомиллаштириш, ҳамма учун, шу жумладан, тадбиркорлар учун мулк дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 июлдаги "Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ тенг шароитлар яратиш, шаффофликни таъминлаш ва давлат харидлари тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш вазифалари белгиланди.
Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини шаффоф ва адолатли ташкил этиш мақсадида давлат мулкини сотиш фақат «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида амалга оширилади.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири, 65 ва 66-моддаларида мулкни сотиб олиш ва мулк ҳуқуқини кафолатлаш аниқ қоидалар билан белгилангани ҳам алоҳида таъкидланган.
Муаллиф тадбиркорлар сонининг кўпайиши мамлакатда ишбилармонлик муҳити, айниқса рақобат муҳити яхшиланганидан далолат бериши ҳақида тўхталар экан, Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати, айниқса, соғлом рақобат муҳити, шунингдек, иқтисодий фаолиятни эркин амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини англатувчи қатор халқаро рейтинг ва индекслар кўрсаткичларини ҳам келтиради. Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни 2016 йилдан бошлаб сезиларли даражада ошгани ва иқтисодий эркинлик даражаси паст бўлган давлатлар рўйхатидан иқтисодий эркинлик даражаси ошиб бораётган давлатлар қаторига қўшилганини маълум қилган.
Унинг ёзишича, сўнгги йилларда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви сезиларли даражада чекланган, монополия мавжуд бўлган соҳаларга хусусий секторни жалб қилишга устувор аҳамият берилмоқда, хорижий инвестицияларни жалб қилиш жараёни ҳам соддалаштирилмоқда.