2021 йилда ёшларни математика, кимё, биология ва инглиз тили каби фанларни ўрганишга жалб қилиш, таълим ва фан ривожига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида илк бор ташкил этилган олимпиада кўплаб иқтидор эгалаларини кашф этган эди.
Олимпиада уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда қизиқувчи ёшлар ушбу ҳавола орқали 2022 йил 10 январдан 1 мартгача рўйхатдан ўтишлари керак. Иштирокчилар битта ёки бир нечта фанларни танлашлари мумкин.
2022 йил, 10 март куни бўлиб ўтадиган биринчи босқичда рўйхатдан ўтган иштирокчилар онлайн олимпиадада қатнашади. Ҳар бир фан бўйича тест топшириқлари сони 20 тадан иборат бўлади. Биринчи босқич натижаларига кўра ҳар бир фандан энг юқори балл тўплаган 100 нафар ёшлар иккинчи босқичда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Иккинчи босқич 2022 йил, 17 март куни бўлиб ўтади. Иштирокчилар фанга қараб 20 тадан 25 тагача топшириқларни ечишлари керак бўлади. Ҳар бир фандан энг юқори балл тўплаган 25 нафар ёшлар иккинчи босқичда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Олимпиаданинг якуний босқичи 31 март куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Якуний босқич иштирокчилари математика, кимё ва биология бўйича 10 та масалани ечади. Инглиз тилидан синовлар иншо ва тест саволларидан иборат бўлади.
Ҳар бир фан бўйича 10 нафар ғолиб аниқланади, улар қуйидаги совринларга эга бўлишади:
1-2-ўринлар — 25 миллион сўм
3-4-ўринлар — 20 миллион сўм
5-6-ўринлар — 15 миллион сўм
7-8-ўринлар — 10 миллион сўм
9-10-ўринлар — 5 миллион сўм.
Соврин эгалари ушбу маблағлардан фақат АКФА университетида ўқиш учун тўловларни тўлаш мақсадида фойдаланиши мумкин. Агар иштирокчи бир нечта фанлар бўйича совриндорга айланса, мукофотлар жамланади, бу эса АКФА университетида бепул ўқиш имкониятини беради.