Олимпиада иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни математика, кимё, биология ва инглиз тили фанларини чуқур ўрганишга жалб қилиш, таълим ва фан ривожига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилмоқда. Олимпиадада келажакда АКФА Университетида ўқишни истаган мактабларнинг 11-синф ва академик лицейларнинг 3-босқич ўқувчилари иштирок этишлари мумкин.
Математика, кимё, биология ва инглиз тили бўйича олимпиада уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда қизиқувчи ёшлар ушбу ҳавола орқали 2021-йил 5-февралгача рўйхатдан ўтишлари керак. Olimpiadada roʻyxatdan oʻtish uchun mazkur havolani bosing. Иштирокчилар битта ёки бир нечта фанларни танлашлари мумкин. 2021-йил 10-февралда бўлиб ўтадиган иккинчи босқичда рўйхатдан ўтган иштирокчилар онлайн олимпиадада қатнашади. Ҳар бир фан бўйича тест топшириқлари сони 20 тадан иборат бўлади. Биринчи босқич натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 80 нафар ёшлар (ҳар бир фан бўйича 20 нафардан) учинчи босқичда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Олимпиаданинг якуний босқичи 26-феврал куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Якуний босқич иштирокчилари математика, кимё ва биология бўйича 10 та масалани ечишади. Инглиз тилидан синовлар иншо ва тест саволларидан иборат бўлади.
Ҳар бир фан бўйича 10 нафар ғолиб аниқланади, улар қуйидаги совринларга эга бўлишади.
1-2 ўринлар — 25 миллион сўм
3-4 ўринлар — 20 миллион сўм
5-6 ўринлар — 15 миллион сўм
7-8 ўринлар — 10 миллион сўм
9-10-ўринлар — 5 миллион сўм.
Соврин эгалари ушбу маблағлардан фақат АКФА Университетида ўқиш тўловларини тўлаш учун фойдаланиши мумкин. Агар иштирокчи бир нечта фанлар бўйича совриндорга айланса, мукофотлар жамланади, бу эса АКФА Университетида бепул ўқиш имкониятини беради.
Масалан, агар иштирокчи ҳар бир фан бўйича биринчи ёки иккинчи ўрин эгасига айланган бўлса, у 100 миллион сўм олади. Ҳозирги кунда Тиббиёт факультетида таълим қиймати 58 миллион сўмни ташкил этаётганини ҳисобга олсак, ғолиб деярли тўрт семестр давомида бепул ўқиши мумкин.
Айни пайтда АКФА Университетида тиббиёт, фармацевтика ва стоматология, ҳамширалик иши, бухгалтерия ва молия, иқтисод, архитектура ва дизайн, компьютер муҳандислиги, дастурий таъминот ва инглиз тили факультетлари мавжуд.