Аксарият ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолмоқда.

«Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт», – деди Президентимиз.

Бундан ташқари, хориждаги ёшларимиз ёки талабаларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани барчани жиддий ташвишга солиши кераклиги таъкидланди.

Бундан буён элчилар «кабинет дипломатияси»дан воз кечиб, хориждаги ватандошларимиз ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши шартлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларимиз учун бепул колл-марказ ташкил этиб, мурожаатларини тегишли вазирликлар билан тезкор ҳал қиладиган тизим яратиш топширилди.