Бироқ юртимиздан етишиб чиққан алломалар сонини ҳисоблашга бармоқларимиз етмайди, таърифу таснифини ёзган, айтган билан тугамайди. Биргина Фарғона водийсининг ўзида “Ал Ҳидоя” асари билан бутун ислом дунёсида машҳур бўлган фиқҳшунос олим Бурҳониддин ал-Марғиноний, буюк мутасаввуф олим Шайх Абу Бакр Воситий, калом илмига оид “Баъд ал амали” асари муаллифи Али ибн Усмон ал-Фарғоний сингари маърифат ва маънавият аҳкомлари етишиб чиққан. Президентимиз таърифи билан айтганда: “Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак”. Биз бугун нафақат Фарғона, юртимиз, балки бутун Шарқ халқлари фахри бўлган Аҳмад ал-Фарғонийнинг шарафли тарихи ҳақида фикр юритамиз.
Ўрта асрларда яшаган қомусий олим Аҳмад Фарғоний илми нужум (астрономия), жуғрофия (география), ҳандаса (геометрия), риёзиёт (математика) каби фанлар билимдони бўлиб, уларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган. Гарчи улуғ аллома ҳақида жуда оз маълумотлар сақланиб қолган бўлса-да, илм-фандаги буюк ихтиролари, математика, геоматрия фанларига оид қимматли илмий мероси яқин вақтларга қадар жаҳон илм-фан марказларида ўқитишнинг энг асосий манбаси бўлгани олимнинг юксак илмий салоҳиятидан далолат беради. Фарғонийнинг туғилган шаҳри Қува, яъни Қуббо экани таъкидланса-да, мусулмон мамлакатларида исмларга пойтахт ёки марказ номини қўшиб айтиш урф бўлгани боис бобокалонимиз ҳам Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний нисбасини олган.
Европада Алфраганус номи билан танилган олимнинг Мисрда яшаб, мисли кўрилмаган кашфиётлар қилгани, Дамашқдаги расадхонада осмон жисмлари ҳаракати ва ўрнини аниқлагани, янгича зиж, яъни астрономик жадвал тузгани ёки Сурияда ер метеоритини ўргангани ҳамда Ер шарининг думалоқ эканини яна бир бор исбот этгани маълум ва машҳур. Шунингдек, бобокалонимиз сув сатҳини ўлчайдиган асбоб яратгани, қуёш соатлари ёрдамида сайёралар орасидаги масофаларни аниқлагани, Бағдодда халифа Абдуллоҳ ал-Маъмун тузган илмий марказ – “Байт ул-ҳикма”да фаолият юритгани ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳам яхши таниш. Унинг астрономияга оид “Китоб ал ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ илм-ан-нужум” асари неча асрлар давомида Европа университетларида асосий дарслик сифатида ўқитилган, таниқли Ғарб олимлари унинг қитобларидан маърузалар ўқиган. Бугун фан-техниканинг энг замонавий асбоблари ёрдамида аниқланаётган маълумотлар алломанинг ҳисобидан унча ҳам фарқ қилмаётгани жаҳон олимларини ҳамон таажжублантиради. Унинг Нил дарёсидаги оролда қурган иншооти, яъни ниломер илмий-техник ва меъморий жиҳатдан ғоят мукаммал ҳисобланади ҳамда бу қурилма ҳозирга қадар сақланиб қолган. Олим фаолияти ҳақидаги фикрлар Шарқда Ибн ан-Надим, Ибн ал-Қифтий Абул Фарож Бар Эбрей, Ҳожи халифа каби олимлар, Ғарбда Данте, Шиллер, Даламбер, Брокельман, Региомонтан каби жуда кўплаб олим ва ёзувчилар асрларида эътироф этилган. Хатто Дантедек буюк истеъдод соҳиби шоҳ асари “Илоҳий комедия”даги Аърофни тасвирлашда Фарғонийнинг илмий қарашларидан кенг фойдаланган.
Жорий йил апрель ойида Халқаро туркий маданият ташкилоти —“Турксой” томонидан “Фарғона маданият кунлари”ни ўтказиш, ўзаро музокаралар ўтказиш мақсадида қардош Туркияга Фарғона вилояти делегацияси билан бордик. У ерда қошу кўзи худди ўзимизга ўхшаган, тилларимиздаги фарқ ҳам унчалик сезилмайдиган, ўзимиз каби самимий ва очиқкўнгил турк халқи меҳмони бўлдик. Бунинг давомида Истанбул ва Анқара шаҳарларида “Фарғона кунлари” доирасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Халқаро муносабатларимиз ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётган бир паллада ректор сифатида Туркия технологиялари, илм–фанидаги ютуқларни Фарғона давлат университетига олиб кириш, бакалавр ва магистратура босқичларида таълим олаётган ёшлар билан таълим инвестицияларини ташкил қилиш, таълим экспортини амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказдик. Шунингдек, ташриф давомида Туркиянинг Кейсери вилояти Эржийес университети ректори Фотиҳ Aлтун билан учрашиб, қатор фойдали келишувларга эришдик.
Сафаримизнинг энг асосий нуқтаси, барчамизнинг қалбимизни ифтихор ва ғурурга тўлдириб юборган воқеа – бобокалонимиз Aҳмад ал-Фарғонийнинг бюсти шахсан делегациямиз иштирокида Aнқара шаҳридаги хиёбонга ўрнатилгани бўлди. Ўша лаҳзада бутун руҳимни чулғаб олган кучли ҳаяжон, қувонч ва фахр ҳисси жисмимни ердан осмонга кўтаргудек эди гўё. Чунки бу ҳайкал менинг бобомга, она халқимга қўйилди. Бундай ҳайкал Қоҳира шаҳрида, Нил бўйида ҳам ўрнатилган ҳамда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин тимсолига айланиб улгурган. Албатта, бу каби ташаббуслар дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизга бўлган юксак эҳтиромнинг амалий ифодасидир.
Кўнглим кўтарилиб, бобомиз ҳайкалига боқар эканман, руҳимда миллий шуурни, Фарғоний, Беруний, Хоразмий, Термизий, Бухорийлар шаҳдини ҳис қилдим. Уларнинг қони ҳар бир ўзбекнинг томирида ҳамон оқаётгани бор ҳақиқат эканини яна бир бор англадим. Зеро, башарият шу кунга қадар нималарга эришган бўлса, барчасининг негизида Шарқ даҳоларининг улкан ҳассаси борлиги шубҳасиз.
Мулоҳаза қилсак, исломни дунёга янада кенг ёйилишига сабабчи бўлганлар ҳам бизнинг боболаримиз, ернинг ҳолатини аниқлаган, ўлчамини билган, юлдузлар илмига йўл очган, ҳатто бормай туриб янги қитъани кашф этганлар ҳам аслида улуғ аждодларимиздир. Maтематика илмида тенгсиз Хоразмий номидан алгоритм атамаси келиб чиқиб, “Китобул мухтасар фи ҳисоб ул-жабр вал муқобала” асаридаги жабр сўзи алгебра сўзига асос бўлгани, минг дардга шифо топган, тенги йўқ ҳаким Ибн Сино Авиценна номи билан аталиб, дунёда тиббиётга пойдевор қўйгани ҳам айни ҳақиқат.
Бутун халқимиз бир бўлиб шундай аждодларимизнинг, дунё олимлари ҳайрат билан асарларини қайта-қайта мутолаа қилган ватандошларимизнинг кашфиётлари, илмий меросини атофлича ўрганишимиз, татбиқ этишимиз ва ўзимизга фойдали хулосалар чиқаришимиз даркор. Чунки ўз илдизини яхши билган, қадриятларини давом эттирадиган, алломаларини ардоқлай олган халқ бугун ҳам, келажакда ҳам ўзлигини сақлаб қола олиши шубҳасиз. Шу ўринда фарзандларимиз улуғ алломалар, соҳибқиронлар, олиму фозиллар авлодлари эканини англаб яшаши сизу бизга боғлиқ эканини таъкидлашни истардим.
ЮНEСКО қарорига мувофиқ 1998 йилда Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланиб, ўша йилнинг 24 октябрь куни Фарғона шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний ёдгорлиги очилган эди. Қува шаҳридаги Шаҳристон харобалари ёнида алломанинг ҳайкали ўрнатилган, рамзий қабри бунёд этилган. Бу ҳам буюк аждодимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасига ўзига хос эътирофдир.
Аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этаётган мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига берилаётган юксак эътибор, иқтидорли ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ислоҳотлар ҳар жабҳада, айниқса, олий таълим тизимида яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, Фарғона давлат университетида талаба-ёшларнинг билим олиши, ўз соҳаларида илмий изланишлар қилиши ва миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар бўлиб етишиши учун барча шароитлар муҳайё. Ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар кўлами кундан кунга кенгайиб бормоқда. Ўйлаймизки, меҳнатлар самараси ўлароқ, келажакда мазкур олийгоҳ талабаларидан дунё тан олган ноёб истеъдод эгалари, ўз халқига садоқатли, азмида қатъий маърифатпарвар зиёлилар, Фарғонийнинг чинакам издошлари етишиб чиқади.
Ҳозирги глобаллашув даврида турли маънавий таҳдидлар, оммавий маданият ҳамда кескин кураш ва рақобат ҳукм сураётган, манфаатлар тўқнашаётган, бир сўз билан айтганда, қалқиб турган дунёда тинч ва осойишта яшаётган халқимиз аждодлар мероси хазинасига эгалик қилишда, ундан самарали фойдаланишда давом этса, олам узра қаддини тиклаётган бу улуғ миллат дарахтидан ҳали гуркираган боғлар бино бўлиши шубҳасиз.
Зеро, бу дарахтнинг илдизлари минг йилликларга бориб тақалиши, энг тиниқ, энг шифобахш булоқлардан сув ичиши, дунёга буюк олимлар, алломалар ҳадя қилган жасоратли халқ эканини ҳар лаҳза ёд этиши олдимизга қўйган улуғвор мақсадимиз – Учинчи Ренессанснинг ҳам асосий қувват манбаидир.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
педагогика фанлари доктори,
профессор
Ҳамкорлик материали