Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар қилди.

Маълум қилинишича, тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «Alhadaya» БФҚ рекламаси қўмита томонидан ўрганилган.

Олиб борилган таҳлиллар натижасида реклама материалларида таъсир хусусиятига эга бўлмаган иборалар қўллангани, БФҚ ҳақида тўлиқ маълумот берилмагани ҳамда унинг терапевтик самарадорлиги ва касалликларни енгиллаштириши ҳақида иддаолар илгари сурилгани аниқланди. Бу ҳолат истеъмолчиларда маҳсулотни дори воситаси сифатида қабул қилиш эҳтимолини келтириб чиқариши мумкин.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 35-моддасига мувофиқ, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар рекламасига қатор мажбурий талаблар белгиланган.

Жумладан, бундай реклама:

  • дори воситаси ёки даволаш хоссаси борлиги ҳақида таассурот уйғотмаслиги;
  • даволанганлик ёки аҳвол яхшилангани ҳақида аниқ ҳолатларга ҳавола қилмаслиги;
  • жисмоний шахсларнинг миннатдорчилик изҳорларини ўз ичига олмаслиги;
  • соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
  • тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтганликка таяниб, дори воситаларига нисбатан афзаллик таассуротини бермаслиги;
  • вояга етмаганлар учун тақиқланган маҳсулотлар рекламасида болалар образидан фойдаланмаслиги;
  • ҳар бир ҳолатда маҳсулот дори воситаси эмаслиги ҳақида огоҳлантириш билан берилиши;
  • рағбатлантирувчи акциялар ўтказилмаслиги шарт.

Юқоридаги қонун талаблари бузилгани аломатлари билан «ALHADAYA NEW» МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди. Ваколатли орган Махсус комиссияси томонидан иш кўриб чиқилиб, якунларига кўра молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан мажбурий кўрсатма берилган.