1-САВОЛ: Аризалар судларга тааллуқли бўлмаганлиги учун рад этиш тақиқланиши ҳақида ўқидим. Буда фуқаро хоҳлаган судга мурожаат қилса ҳам қайтармасдан тегишли тартибда кўриб чиқиладими?
ЖАВОБ: Жорий йил 29 январь куни давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга қаратилган Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, эндиликда аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатишни тақиқланади.
Агарда фуқаролар томонидан берилган аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилади. Бунда фуқаролар овора қилинмайди.
Шунингдек, ушбу қарорга кўра бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлганда уларни бирлаштириш тақиқланади.
Бундан ташқари давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилади:
- маъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилганларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имкониятидан фойдаланиш шароити яратилади;
- давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи берилади;
- маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланади.
Ушбу тарибларни жорий этилиши, аҳоли енгиллик яратиш ва турли оворагарчиликларни олдини олади.
2-САВОЛ: Ассалому алайкум. Мен яқинда фермер хўжалиги очмоқчиман. Очишдан аввал фермер хужалигининг ҳуқуқларини билиб олсам зарар қилмайди. Қонунчиликка кўра, фермер хўжалиги қандай ҳуқуқларга эга. Шу ҳақида маълумот берсангиз.
ЖАВОБ: Қонунчиликда фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунда аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
Мазкур Қонунга кўра, фермер етиштирган маҳсулот унинг мулкдир ва у давлат ҳимоясида. Конституциянинг 53-моддасига кўра хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.
Шунингдек, мазкур Қонуннинг 16-моддасида фермер хўжалигининг ҳуқуқлари белгилаб қўйилган. Унга кўра фермер хўжалиги:
- берилган ер участкасида ўз уставида назарда тутилган ихтисослашувга ва ижарага олиш шартномасига мувофиқ фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш;
- ер участкасини юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалик экинларини оралиқ экиш учун иккиламчи ижарага бериш;
- харид қилинадиган маҳсулотга олдиндан ҳақ тўланадиган фьючерс контрактлари тузиш;
- етиштирган маҳсулотини, шу жумладан бу маҳсулотни истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш;
- етиштираётган маҳсулоти, бажараётган ишлари ва кўрсатаётган хизматларига нарх белгилаш;
- олган даромадларини (фойдасини), банк муассасасидаги ўзининг ҳисобварақларида бўлган пул маблағларини тасарруф этиш;
- акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар олиш;
- кредитлар олиш учун ўз мол-мулкини, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш ва қонунда белгиланган бошқа ҳуқуқларга эгадир.
3-САВОЛ: Саволим шундан иборатки, мен фарзандим учун собиқ турмуш ўртоғимдан алимент оламан. Собиқ турмуш ўртоғим 2 йил аввал Россия давлатига ишлашга кетган. Тўланиётган алимент сўммаси етмаяпти. Шуни кўпайтирсам бўладими?
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 99-моддасига асосан агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан: ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
- бир бола учун — тўртдан бир қисми;
- икки бола учун — учдан бир қисми;
- уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Сиз тегишлилиги бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш орқали алимент миқдорини кўпайтириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.
4-САВОЛ: Оилада саккиз жонмиз ўзим ўқитувчи ота онам пенсионер турмуш ўртогим уй бекаси 4 нафар вояга етмаган фарзандларим бор.
Оилада моддий томондан озгина қийинчиликларимиз бор. Онам иккинчи гурух ногирони ва нафақа олади 1972 йил туғилган. Онамни аёллар дафтарига рўйхатга олса бўладими? Аёллар дафтарига кирса қандай имтиёзлар бор шулар хақида батафсилроқ маълумот беринг илтимос
ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг 250-сонли Қарорига мувофиқ ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
- ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар (бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган, шу жумладан, меҳнат қилиш қобилиятини қисман йўқотган, бироқ ишлаш иштиёқи бўлган хотин-қизлар);
- боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- ижтимоий ёрдамга муҳтож 1 ва 2 гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
- уй-жойини таъмирлашга муҳтож 2 гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, ёлғиз яшайдиган, уй-жойини таъмирлаш имконияти бўлмаганлар);
- нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;
- қарамоғида ногиронлиги бўлган боласи мавжуд ёлғиз аёллар;
- тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар (ҳуқуқий маслаҳат олиш истагида бўлган, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилганлар);
- психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).
5-САВОЛ: Ассалому алайкум. Ўзим хорижий давлат олий таълим муассасасида 2 курсда ўқийман. яқинда ижтимоий тармоқларда хориждан "перевод" қилиш тўғрисида хабарлар тарқалди. Мен ҳам шунга ишонгандим, лекин бу хабар FAKE ХАБАР эканлиги аниқланди. Шунга ўхшаш ёлғон маълумотлар тарқатаётган шахсларга қонунчиликда жавобгарлик мавжудми?
ЖАВОБ: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
202 прим 2-моддасига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 (13 млн 500 минг сўм) бараваридан 100 (27 млн) бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ёлғон хабар тарқатганлик учун фуқаровий жавобгарлик ҳам мавжуд. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 102(1) моддасида шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли маънавий зарар етказилган бўлса, етказувчининг айбидан қатъий назар қопланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган
Бундан ташқари Жиноят кодексининг 244 прим 6-моддасига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (54 млн минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
6- САВОЛ: Ассалому алайкум. Ҳозирги кунда контрафакт маҳсулотлар сони ошиб бормоқда. Умуман қонунчиликда шундай маҳсулотлар сотганлик ёки тарқатганлик учун жавобгарлик борми? Шу ҳақида маълумот берсангиз
ЖАВОБ: Ҳақиқатдан ҳам сўнги вақтларда контрафакт маҳсулотлар сони ошмоқда. Буни олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан “Контрафатсиз маҳсулотлар ойлиги” ўтказилиб келинмоқда.
Ўзбекистон республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, Ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.