Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг 28.06.2017 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Ў.Рузиевдан ундирувчи Х.Мустафаеванинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун қарздорнинг ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/6-қисми миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида давлат ижрочиси Ж.Мўминов қарздор Ў.Рузиевни шу йилнинг 23 мартида хизмат хонасига чақиртиради. Ундан алимент қарздорлигини тўлаши кераклиги, тўламаган тақдирда эса унга нисбатан маъмурий жазо қўллаш учун тўпланган ҳужжатларни жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судига юборишини айтиб, қарздор Ў.Рузиевдан тушунтириш хати олади.
Қарздор Ў.Рузиев 24 март куни тахминан соат 12:10да бўлим давлат ижрочиси Ж.Мўминовнинг хизмат хонасига келиб, алимент қарздорлигини тўламаслигини айтиб, чўнтагидан номаълум темир жисмни олиб, бўйин қисмини 2-3 маротаба кесган.
"Ушбу ҳолатда қарздор Ў.Рўзиевга нисбатан руҳий тазйиқ ёки жисмоний куч ишлатиш ҳолати содир этилмаган ҳамда барча ҳолатлар ходим томонидан видео тасвирга олинган.
Бундан ташқари, ўтказилган хизмат текширувнинг 04.04.2023 йилдаги хулосасига кўра, ходимларнинг хатти-ҳаракатларида "Касб одобномаси" талаблари бузилганлиги аниқланмаган", дейилади МИБ баёнотида.