– Мен Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчисиман. Ҳозир Пешавор университети ҳузуридаги Марказий Осиё минтақавий тадқиқотлар маркази директори лавозимида фаолият юритиб келмоқдаман.
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги билан табриклайман. Дарҳақиқат, ўз ижоди билан туркий тилларга, хусусан ўзбек тилига янгича ҳаёт ато этган Алишер Навоий ўзбек халқининг фахр-ифтихор манбаидир.
Алишер Навоий ижоди нафақат ўзбек халқининг, балки барча туркий тилли халқларнинг маънавий меросидир.
Биз 2021 йил Покистонда Ўзбекистон элчихонаси кўмаги билан Пешавор университети ҳузуридаги Минтақавий тадқиқотлар марказида Алишер Навоий тадқиқот марказини ташкил этдик. Мазкур марказда Пешавор университети, Хайбер-Пахтунхва вилояти ва Покистоннинг бошқа ҳудудларидаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар, изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар ва олимлар учун қулайликлар яратилган.
Алишер Навоий тадқиқот марказига Ўзбекистоннинг Исломобод шаҳридаги элчихонаси томонидан мутафаккир шоирнинг асарлари, девонлари, назмий ва насрий тўпламлари, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий тадқиқотлар ва мақолалар тақдим қилинган.
Навоий ижоди нафақат ўзининг жозибадорлиги, туркий лафзнинг бор гўзаллигини намойиш этиши билан, балки турли ёшдаги инсонлар томонидан бирдек севиб мутолаа қилиниши билан ҳам ажралиб туради.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг асарлари бутун инсоният учун буюк илм манбаи, улкан дастурул амалдир. Навоий ижоди ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлиб, инсонларга ҳаёт ҳақиқатларини англашга, нозик инсоний туйғуларни тушунишга кўмаклашмоқда.
Профессор Шабир Аҳмад Хоннинг мазкур табриги "Дунё" АА да эълон қилинди.