— 2019 йили Туркияга сафар қилдик ва Истанбул шаҳрида жойлашган бир неча қўлёзма фондлари, музейларда бўлдик, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори, фалсафа фанлари доктори Роиқ Баҳодиров. — Уларда Ўзбекистонга оид бўлган қўлёзмалар билан танишдик. Алишер Навоий ҳаётлиги даврида – 1485 йили кўчирилган қўлёзманинг рангли нусхасини олиб келишга эришдик.

Ушбу йилда Навоий давридаги жуда машҳур хаттотлардан бири Султонали Машҳадий Алишер Навоийнинг “Бадоеъ ул-бидоя” девонини кўчирган. Ҳозиргача илм-фанда бу девоннинг бешта нусхаси аниқ эди. Уларнинг ҳаммаси Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган, деб ҳисобланарди. Беш девоннинг ёнига энди олтинчиси – асарнинг Истанбул нусхаси қўшилди.

Марказ ходимларининг таъкидлашларича, Истанбул нусхасининг муҳим жиҳатларидан бири – бу, биринчидан, у Султонали Машҳадийдек жуда машҳур хаттот томонидан кўчирилгани бўлса, иккинчидан, Алишер Навоийнинг ўзи ҳаёт бўлган даврда Ҳиротда кўчирилган. Чунки 1485 йилда Алишер Навоий ўзининг “Хамса“ асарини ёзиб тугатаётган ва худди шу даврда бу қўлёзма Ҳиротда кўчирилган. Яъни, бу қўлёзмани Алишер Навоийнинг ўзи кўргани эҳтимоли жуда катта.