Мактаб ёшига етган болакай борки, таълим олишни истайди. Ота-оналар ҳам ўз фарзандларининг билим олиши, ўқишда ўз тенгдошлари билан баравар ривожланишининг тарафдори. Бунинг учун бор кучини, маблағини аямайди. Аммо имконияти чекланган ўқувчилар ҳам борки, улар ўз тенгдошлари каби мактабга ҳар куни қатнаб таълим олиш имконига эга эмас.
Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, бугун имконияти чекланган ўқувчиларга ўз уйида таълим олиши учун шароит яратиш ва уларга ўз вақтида таълим-тарбия беришда қатор камчиликлар мавжуд. Шу боис ҳам ўқитиш тизимининг бир қисми бўлган инклюзив таълимига эътибор қаратиш доим долзарб вазифалардан бўлган.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан юртимизда инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида жамоатчилик назорати тартибида ишчи гуруҳ тузилди. Самарқанд вилоятидаги ишчи гуруҳ мониторинг ва кузатув олиб борди.
Ўрганишлар давомида Булунғур тумани “Чорбоғ” МФЙда яшовчи Нафиса Олмосова ўғли Л.Б.нинг таълим жараёнида баъзи камчиликлар мавжудлигини айтган. Ўрганишларга кўра, рус тили ўқитувчиси охирги марта шу йил 2 апрелда дарс ўтган, қолган ўқитувчилар умуман келмай баҳо қўйган. Мактаб маъмурияти ҳамда синф раҳбари ҳам умуман келмаган, ота-онаси телефон орқали чақирса ҳам ўқитувчилар ҳар хил баҳоналар қилиб келишни пайсалга солган.
Булунғур тумани “Сайилтепа” МФЙда яшовчи Соҳиба Азамқулованинг қизи З.Ш. 2-мактабнинг 1-синфида таълим оляпти. У чап сони қолдиқли ярим чиқиши, туғма орқа мия чурраси касалликларига чалинган. Қизалоқнинг таълим олиш жараёнини ўрганиш давомида баъзи камчиликлар аниқланди. Бошланғич синф ўқитувчиси охирги марта шу йил 15 апрель куни дарс ўтган. Шундан кейин қайтиб келмаган.
Мазкур МФЙнинг Тепа қишлоғида яшовчи Замира Аззамқулованинг Ҳасан-Ҳусан фарзандларига гемофилия ташхиси қўйилган. Улар 2-мактабнинг 11-синфида таълим олмоқда. Уларнинг таълим жараёнида ҳам камчиликлар яққол кўзга ташланди. Жумладан, мактаб томонидан доска берилмаган, дарс жадвали тузилган бўлса-да, фақат кимё фани ўқитувчиси келган. Бошқа ўқитувчилар умуман келмаган. Алгебра, геометрия каби муҳим фанлардан дарслар умуман ўтилмаган.
Каттақўрғон тумани “Ёдгорхўжа” МФЙ Қиёт қишлоғида яшовчи М.З. 5-мактабнинг 1-синф ўқувчиси. Унга ақлий ривожланишдан орқада қолганлик ташхис қўйилган. Ўқувчи дарслик, ўқув қуроллари, доска, стол-стул билан таъминланмаган. Мактаб маьмурияти бефарқлиги туфайли ўқувчи шу кунга қадар тўлиқ таьлим олмаган.
Онасининг айтишича, фарзанди саводсиз бўлиб қолмасин деб ўз ҳисобидан ўқув қуроллари харид қилиб, ойига 300 000 сўмдан пул тўлаб икки ой ўқитувчи ёллаб қизини ўқитган. Кейинчалик таълимни давом эттиришга моддий шароити тўғри келмагани сабабли оила 5-мактабга мурожаат қилган.
Бу қизни ўқитиш мумкин эмаслиги бўйича туман ХТБдан топшириқ берилгани айтилган.
Кейинчалик қизнинг ота-онаси туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилиб ҳужжатларни расмийлаштиргандан сўнг 5-мактабдан ўқитувчи бириктирилган. У дарс бера бошлаган, лекин охирги марта шу йил январь ойида бир келиб, қайта келмаганини қизчанинг онаси қимтиниб, оғриниб айтди.
Нуробод тумани халқ таълим бўлимига қарашли 77-мактабнинг 8-синф ўқувчиси М.О. ақлий заифлик, нутқ ривожланишидан орқада қолиш билан касалланган. Опаси билан суҳбатлашилганда 77-мактаб маъмурияти томонидан ўқитувчи бириктирилмагани, бир неча ойлардан буён бирор-бир ўқитувчи хабар олмаганини айтди.
Самарқанд шаҳри “Зарафшон” МФЙда яшовчи Х.Б. 78-мактабнинг 4-синфида таълим олади. Унга суяк емирилишининг ўта оғир даражаси ташхиси қўйилган. Бу ўқувчининг ҳам уйда таълим олишида қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, дарс жадвали йўқ, дарслар вақтида ўтилмайди. Психолог умуман келмаган. Мактаб маъмурияти ўқувчи ҳолидан хабар олмаган. Дарсликлар берилмаган.
Билим олишга чанқоқ, орзулари осмон, аммо имконияти чекланган бу болалар ҳам бошқа тенгдошлари сингари таълим олишга ҳақли. Биз юқорида келтирганларимиз каби инклюзив таълимда камчиликлар учраб турибди. Бунга эса кўз юмиб бўлмайди, дейилади Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати хабарида.