Улар фарзандларига болалик чоғларида кураш, ўқ-ёй отиш, чавандозлик сингари жанговар ўйинларни мунтазам ўргатиб келган. Юнон тарихчиси Геродот хоразмийлар билан ёнма-ён яшаган саклар қабиласидаги моҳир мерганлар хусусида бундай деб ёзади: “Саклар дунёдаги барча мерганлар орасида ўқни зое кетказмайдиган жуда уста мерганлар сифатида шуҳрат қозонган эди”.

Саклар ва хоразмликларнинг аёллари ҳам ҳарбий юришлар ва жангларда қатнашар, мардлик ва матонатда эркак жангчилардан қолишмас эди. Файласуф Климент Александрийскийнинг саклар қабиласи аёллари ҳақидаги ушбу таърифи эса бугунги ўзбек хотин-қизларида шаклланган маданий кодларнинг ўқилдиз билан алоқа ўрнатганини яна бир карра исботлайди: “Сак аёллари айёрлик билан қочаётиб, от устида худди эркаклардай орқага бурилиб ўқ узар эди”.

Халқимиз бутун ҳаёти давомида эзгуликка интилган. Бу интилишлар “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби халқ оғзаки ижоди намуналари орқали ҳам авлоддан авлодга ўтиб келган. Улар шу сабабли одамлар руҳиятининг яширин жиҳатларини ўргана бошлаган: соғлиқ ва касаллик тўғрисидаги умумий боғлиқлик, тана билан руҳнинг алоқадорлигини тадқиқ этган. Ўша даврда инсон асаб тизими ва миясининг вазифалари ҳақида номаълум бўлган жиҳатларни ўрганишга қизиқиш орта борган.

Темур саройига келган испан сайёҳи Руи Гонсалес де Клавихо эгнига енгсиз калта камзулга ўхшатиб тикилган чарм либос кийиб олган икки полвон тик туриб курашиши, бир-бирини йиқитишга астойдил ҳаракат қилиши, ниҳоят улардан бири устун чиқиб, рақибини ерга ағдаргач, анча вақтгача унинг туриб кетишига йўл қўймай босиб ётиши, агар йиқилган полвон ўрнидан туриб кетса, йиқилган ҳисобланмаслигини эсдаликларида ғоят қизиқарли баён қилган.

Бугун халқимизнинг ҳаётидан мустаҳкам ўрин олган, миллий маданий код сифатида қайта бўй кўрсатаётган жисмоний маданият ҳамда спорт ўтмишнинг турли воқеалари бўронида, душманларнинг кўплаб моддий-маданий бойликларни яксон этувчи ўзаро урушлари ва қирғинларида, меҳнаткашларнинг ажнабийлар зулмига ва маҳаллий амалдорларга қарши курашларида обдан тобланган. Ҳукмдорларнинг бири келиб, иккинчиси кетган. Халқнинг Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга ўхшаган сара фарзандларигина ўтмиш анъаналарини давом эттириб, ҳарбий санъат ва жисмоний маданият мероси учун қайғурган.

Ўзбекистонда сўнгги тўққиз йилдан буён қайта тараққий топаётган кураш, чавандозлик, мерганлик каби спорт ўйинларининг тадрижий ривожини мазкур шахсларнинг пўртанали давридан ажратиб ўрганиб бўлмайди.

Шу боис, дастлаб улкан тананинг мутлақо бегона аъзоси сифатида қаралган футбол ўйини азалдан қонимизда оққан рақобат, куч синашиш ва шараф ҳиссига осон уланиб кетди. Курашда заминнинг қувватини ҳис қилиш ҳолати, чавандозликда эса от билан бир бутун бўлиш қобилияти футболга тез мослашиш имконини берди. Тезлик, тўқнашувлар, ғалабага интилиш ва томоша учун ўйнаш руҳи биз учун ёт эмас эди. Халқ ҳали ўз табиий ижтимоий оқимида яшар, одамлар истеъдодини намоён этишдан тортинмасди.

Кейинги даврда эса илдиздан узилиш юз берди. Мустамлакачилик сиёсати ижтимоий онг оқимини ўзгартириб юборди. Фаоллик қора меҳнатга, ташаббус эҳтиёткорликка, очиқ рақобат қўрқувга алмашди. Сув келадиган ўзанимиз ёпилди. Катта дарахтнинг айби — соясининг катталигида дея қадим тарихимиз соясида қолиб кетаётган эдик.

Сўнгги йилларда эса темир қопқалар очилди. Ёшларимиз спортдаги имижини англаш, ўз ўйин фалсафасини топиш босқичига кирди.

Ўзбекистон — футболни ривожлантиришда стратегик ҳамкор

Бугунги ўзбек футболи фалсафаси натижадан қўрқмайдиган, тоза меҳнат ва туркий қувватга таянган ёшлар ҳисобига ўз маъно қатламларини мустаҳкамлаб бормоқда. Айни дамда хориж клубларида ўйнаётган ўзбек футболчиларининг умумий характери деярли бир нуқтада туташади: жисмонан бақувват, сабрли, иродали, ортиқча шикоят қилмайди, ўсишни истайди, гапларидан кўра сукути кўп нарсани ҳал қилади.

Абдуқодир Ҳусанов бу жараённинг энг ёрқин мисоли. Инглиз мухлислари ёқтиришининг сабаби унинг фақат яхши ўйинчи эканида эмас, балки майдондаги хатти-ҳаракатларининг ўзига хослигида. Унда кераксиз финтлар йўқ, ҳиссиётга камдан-кам берилади, ҳар бир ҳаракати мукаммалликка яқин: аниқ, содда ва ўз вақтида. Англия футбол маданиятида бундай футболчилар қадрланади. Боиси, у ерда “ҳалол меҳнат” тушунчаси жуда муҳим. Ҳар беш дақиқада рақиб жамоаси мухлисларига қарата кўкрагига уриб юрадиган эмас, балки охирги дақиқага қадар югурадиган футболчи ҳамма жойда ҳурмат қилинади.

Илгари миллий ўзликни англаш жараёни ташқи қаршиликка жавоб сифатида шаклланган эди. “Бизни барибир тан олишмайди” деган ҳафсаласизлик илдизларни қуритаётган миллатчилик характерини озиқлантирарди. Бугун эса миллий ўзлик ички интизомга таянмоқда. Бу — етуклик белгиси.

Бундай метин характернинг пайдо бўлишида, шубҳасиз, мамлакатимизда сўнгги тўққиз йилда қилинган салмоқли ишларнинг таъсири катта. Бу кичик даврда маҳаллий чемпионатлар тизими ислоҳ қилиниб, болалар ва ўсмирлар академиялари ташкил этилди. 2017 йилда юртимизда ФИФА ҳамда Осиё футбол конфедерацияси талабларига жавоб берадиган майдонлар сони атиги 3 та эди. Бугун уларнинг сони ўндан ошди. Ушбу соҳа ривожи учун жаҳоннинг нуфузли футбол клубларидан тренерлар, спорт тиббиёти ва фармакологияси бўйича малакали мутахассислар, спорт психологлари жалб қилинди. Бу саъй-ҳаракатлар натижа бера бошлади.

Футбол бўйича олимпия терма жамоамиз ўтган йили Париждаги олимпиадада биринчи марта иштирок этди. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U 17) ақл бовар қилмас йўлни босиб ўтиб, ўз тарихида учинчи марта Осиё чемпионати финалига чиқди ва ғалаба қозонди. Ўн уч йилдан сўнг тарихий натижани такрорлаб, 2012 йилдан буён илк марта совринни боши узра баланд кўтарди.

Сўнгги тўққиз йилликдаги футболимиз, у яратаётган кайфият, чиқарилган қарорлар, умуман, футболга муносабат бўйича ўлчанса, доим асосий мезон миллий жамоанинг жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиши бўлган. Бошқача айтганда, мамлакат футболи мазмуни ва моҳияти айнан мана шу мақсад атрофида қурилган, шу бўйича баҳолаб келинган. Демак, шу нуқтаи назардан қараганда, 2025 йилда энг муҳим воқеа рўй берди — жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилди. Ўтган йили қўйилган пойдевор баҳордаги қийин паллаларга ҳам дош берди. Аввалига Сречко Катанец, кейин эса керакли пайтда энг муҳим ишни бажарган Темур Кападзе ҳеч қачон ўчирилмайдиган зарварақларга ўз исмини ёзиб қўйди.

Бир йил олдин шу пайтларда Абдуқодир Ҳусановга “Манчестер Сити” қизиқаётгани ҳақидаги хабарлар чиққанида кўпчилик бу воқеа рўй беришига ишонмаганди. Аммо бу содир бўлди. 2025 йил аввалида бутун дунё ўзбекистонлик ҳимоячи ҳақида билиб олди, ижтимоий тармоқлардан Ўзбекистон миллий жамоаси, Ҳусановнинг ўйинлари ҳақида маълумотлар қидирила бошланди. Ҳусанов февралдаёқ “Челси”га қарши дебют қилди, кейин қатор ўйинларда бошланғич таркибда тушиб, жамоа учун қийин даврда ўзини кўрсатди.

2025 йилда Абдуқодир Ҳусанов жами 19 ўйинда “Манчестер Сити” либосида кўриниш берди. Англия кубогида “Лейтон Ориент” дарвозасига гол ҳам урди. Килиан Мбаппе, Винисиус, Муҳаммад Салоҳ, Сон Ҳёнг Мин, Александр Исак, Виктор Ёкереш каби номдор ҳужумчиларга қарши ҳаракат қилди. Энг муҳими, айнан 2025 йилда Ҳусанов номи энди футбол олами учун бегона эмас, унинг устунликлари, камчиликлари маълум ва доим ҳимояни кучайтириш мақсадида трансфер бозорига чиққан топ жамоалар учун вариант сифатида тилга олинаверади.

Футбол бир қарашда дунёнинг барча ҳудудида бир хил ўйналадигандек кўринади. Аслида, ўйин пайтида майдонда ҳар бир миллат ёки давлатнинг ўзига хос этник хусусиятлари ҳамда миллий менталитетнинг таркибий элементлари акс этиб туради. Бугун ўйинчиларимизнинг қарор қабул қилиш тезлиги, индивидуал масъулиятни бўлишишга тайёрлиги ва мураккаб вазиятларда ташаббусдан қочмаслиги миллий идентитет кодларининг футбол тилида қайта ўқила бошлаганини англатади.

Ушбу жараённинг таъсири халқаро даражада сезилаётгани ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг яқинда ўзбекистонлик спортчиларнинг сўнгги йиллардаги тарихий ютуқлари ҳақида билдирган фикрлари орқали акс этмоқда.

— Мен Ўзбекистон ҳукумати ва футбол ассоциациясини ўз мақсадларини амалга оширишда қўллаб-қувватлай олганимдан фахрланаман, — деди ФИФА раҳбари видеомурожаатномасида. — Ўртамиздаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланишим мен учун катта шараф. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга интилаётганини таъкидлади. Бу ФИФА тўлиқ қўллаб-қувватлайдиган фалсафа бўлиб, Ўзбекистон биз учун футболни ривожлантиришда ишончли ва стратегик ҳамкор эканини тасдиқлайди.

Жаҳон кубоги Тошкентда

Жаҳон футболининг энг олий тимсоли бўлган олтин кубокнинг Тошкентга мунтазам олиб келиниши — ўзбек футболининг энди фақат кузатувчи эмас, балки глобал жараённинг бир қисми сифатида қабул қилина бошлаганидан далолат.

Жорий йил 27 январь куни махсус чартер рейс Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Ҳаво кемасида футбол бўйича жаҳон чемпионатининг асл олтиндан ясалган кубоги ҳамда италиялик футбол афсонаси Марко Матерацци етиб келди.

Мазкур ташриф ФИФА жаҳон чемпионати кубогининг расмий саёҳати доирасида амалга оширилди. 2026 йил 3 январь куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридан старт олган тур жами 75 манзилни қамраб олади. Тошкентга келишдан аввал кубок Вена, Сеул, Токио, Нячанг ва Куала-Лумпур каби ўнлаб шаҳарда бўлган. Кубокнинг халқаро саёҳати 2026 йил 11 июнидан 19 июлига қадар бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати бошланишигача давом этади.

— Жаҳон чемпионати кубогининг юртимизга олиб келиниши жуда катта воқеа. Чунки халқимиз 34 йил кутган орзу амалга ошди ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалга йўлланмани қўлга киритди, — дейди ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов. — Президентимизнинг қўллаб-қувватлови билан мамлакатимизда спорт, жумладан, футбол жадал ривожланмоқда. Академиялар, замонавий спорт иншоотлари барпо этилмоқда. Бу жараённи халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда. Шунингдек, жаҳон футболи юлдузларининг юртимизга келиб, ёш футболчилар билан бирга майдонга тушаётгани ҳам ажойиб ҳолат. Ўйлайманки, келажакда Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиб, кубокларни юртимизга олиб келадиган кунларни ҳам кўрамиз.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида футбол бўйича жаҳон чемпионати кубогининг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, футбол жамоатчилиги ва кўп сонли мухлислар иштирок этди.

Жаҳон чемпионати кубоги анъанага мувофиқ ҳар мундиал йили жаҳон тури доирасида кўплаб мамлакатларга олиб келинади. Жорий йилдаги тақдимот эса миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани билан ҳар қачонгидан-да катта қизиқиш ва байрамона кайфиятда ўтди. Айниқса, келган меҳмонларнинг ўзбек футболи ҳақидаги илиқ гапларини эшитиш ёқимли бўлди. Марко Матерацци ҳам мундиалда дўсти Каннаваро мураббийлик қилаётган Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қилишини айтди.

Миллий маданий коднинг ўзига хослиги — улкан ютуқ

Тарих чархпалаги айланаверади, тақдир ҳалқалари бир-бирига уйқашиб ўтаверади. Футбол каби оммага таъсир этувчи спорт турлари эса бу оқимни халқ ёдида сақлайди. Инсоннинг руҳи ва танаси баравар камолга етгани каби халқ ҳам илм ҳамда спортдаги музаффариятлар йўлидан борса, орзу-умидларининг рўёбини кўраверади.

“Ўзингники ўзгача бўлади” деган ҳикмат рост экан. Футбол ўйини миллий кўринишда бўлиши баробарида моҳиятан умуминсонийдир. Жаҳон чемпионати дейилган мезонда саноқдан қолиб кетиш — борсан-у йўқсан дегандай гап эди. Унга-ку йўлланма олинди, энди мезон жаҳоний даражага чиқишга кўчди. Айланаётган чарх ғилдирагининг кўҳна товушида навбатимиз келаётганига ишоралар бор. Демак, уйғониш фаслини хотиржам ўтказиб юбориб бўлмайди.

Футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги бўлғуси иштирокимиз аллақачон бир миллатнинг глобал майдондаги рамзий чиқишига айланиб улгурди. Энди биз учун футбол ўйиндан кўра кенгроқ маъно касб этаётир: у тобора жамият ўзини қандай кўриши ва бошқаларга қандай кўриниш беришини белгиловчи ижтимоий кўзгуга айланиб бормоқда. Шу боис, футболдаги имиж масаласи бугун техник-тактик масалалардан кам аҳамият касб этмайди.

Хорижлик томошабин ҳам, таниқли эксперт ҳам бир жамоани эслаб қолишда таблодаги ҳисобдан кўра умумий таассуротга таянади. Шу маънода, “ёдда қолиш” тушунчасига спорт социологиясида маънавий капитал сифатида қаралади. Қувонарли жиҳати, бу капитал йиллар давомида шаклланади ва кейинги авлодларга ҳам таъсир кўрсатади. Футболчи қаерда қай тарзда гапиради, мағлубиятни қай ҳолатда қабул қилади, ғалаба онида ўзини қандай тутади — буларнинг барчаси жамоавий хулқ-атвор моделига айланади. Жамият эса бу моделни ўзининг идеал қиёфаси сифатида қабул қилади.

Шу боис, юртимизда сўнгги йилларда футболчилар билан ишлашда фақат жисмоний ва тактик тайёргарлик эмас, балки коммуникатив маданият ва ахлоққа ҳам эътибор кучаймоқда. Бу спортимизнинг институционаллашув даражаси ўсганидан дарак.

Ўзбекистонда футболнинг ривожланиши мамлакат ичидаги кенгроқ ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни акс эттирувчи ­стратегик ислоҳотлардан далолат беради. Давлатимиз 2016 йилдан ҳозирга қадар футбол секторини институционаллаштириш, профессионаллаштириш ва глобаллаштиришга катта сармоя киритди. Мамлакатимизнинг спорт сиёсати ҳамда ФИФА каби ташкилотларнинг халқаро ҳамкорлиги натижасида қўллаб-қувватланган замонавий стадионлар, футбол академиялари ва ёшларни ривожлантириш бўйича кучли дастурлар барқарор футбол экотизимига ҳисса қўшди. Ўзбекистонлик футболчиларнинг хорижий лигаларда пайдо бўлиши истеъдодлар камол топаётганини кўрсатибгина қолмай, мамлакатнинг жаҳон спорт майдонларида обрў-эътиборини ошириш воситаси сифатида ҳам хизмат қилмоқда. Шу руҳда давом этарканмиз, келгуси йилларда ФИФА жаҳон чемпионати каби йирик турнирларга йўлланма олиш жараёни бардавом бўлади.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири