Жойларда “ҳар бир хонадонга бир қути” тамойили асосида ипак қурти уруғлари тарқатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад кўламини ошириш борасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Пиллани қайта ишлаш корхоналари узлуксиз хомашё билан таъминланмоқда, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ўсиб бормоқда. Ўтган йили 9 миллион долларга яқин ипак ва ипакли маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.
Пиллачиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган лойиҳаларга ўзоқ ва яқин хорижликларнинг қизиқиши ортиб бормоқда.
“Тожик пилла” ташкилоти раҳбарияти ҳамда “UNIDO” вакилларидан иборат делегация аъзолари Фарғона вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди, тут плантацияларида бўлишди.
“Шарқ ипаги дурдонаси” адрас тўқиш фабрикасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, кўҳна Марғилоннинг “Ҳунармандлар маркази”, “Nurli tong silk” МЧЖ да ипакка ишлов бериш, гилам ва ипак матолар тўқиш, тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, аҳоли бандлиги таъминлаш борасидаги иш жараёнлари билан танишди.
–– Биз фаолиятимиз давомида йилига бир марта пилла етиштирамиз, — деди “Тожик пилла” ташкилоти раҳбари Назиршо Назаров. — Эндиликда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиб пилла етиштиришни 2-3 мартага етказмоқчимиз. Ишни озуқа базасини ривожлантиришдан бошладик ва 50 минг туп тут кўчатлари сотиб олдик. Уларни маҳаллий шароитида етиштирамиз. Чунки икки юртнинг иқлими ўхшаш. Фарғона пиллачилик мактабида амалга оширилаётган ишларни оммалаштириш мақсадга мувофиқ. Айниқса, тут кўчатлари парваришлаш билан бирга, экинлар оралиғида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиб даромад олиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ипак қурти парвариши билан шуғуланган оилалар бир йиллик меҳнат стажига эга бўлиш имкониятларини ўзимизда жорий қилишни мақсад қиляпмиз.
Ипак матолардан турфа маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ўзига хос тажрибага эга бўлган “Ёдгорлик” фабрикаси бўйлаб қилинган сафар делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Қўштепа туманида барпо этилган тут плантацияси, тут навлари, ҳосилдорлик борасида амалга оширилаётган тажрибаларни бориб кўришди, кўчат экишди.
Расулжон Камолов,
“Янги Ўзбекистон” мухбири