Маълумки, қурултойлар қадимдан давлат бошқарувининг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланган. Улар ўз даврида жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилашга хизмат қилган. Қурултойда энг муҳим масалалар, жумладан, бошқа давлатларга юриш қилиш, сулҳ тузиш ёки давлат бошқарувига оид бошқа муҳим масалалар ҳал этилган. Бундан кўринадики, қадимий бошқарув анъаналаримизга мувофиқ давлат раҳбари бирор муҳим ишни ва ўзгаришларни бошлашдан аввал халқ вакиллари билан кенгашиб, бирор муҳим масаланинг ечимида хато ва камчиликларга йўл қўймаслик учун қурултойларда муаммоларни ҳал этган.

Биз қадимги қурултойлар тарихини мушоҳада этар эканмиз, улар бугунги парламент тизимининг дастлабки тажрибалари эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Тўғри, қурултойлар мўғуллар ва бошқа халқлар давлат бошқарувида ҳам мавжуд бўлган, аммо бу сиёсий институт бизнинг сиёсий тарихда ҳам муҳим роль ўйнаган. Қадимги анъаналарга кўра, оқсоқоллар йиғини, ҳарбий демократия, уларнинг ривожланган босқичи қурултой каби сиёсий институтларнинг ўтмишдаги фаолияти фикримизга далилдир. Бу тарихий жараёнлар таҳлили натижаси бугунги парламентимиз тарихи минг йилликларга бориб тақалиши, у бугунги кунда такомиллашиб, халқаро тажрибалар билан бойитилгани ҳақида хулоса чиқаришимизга олиб келади.

Ўрта асрларнинг муҳим сиёсий институтларидан ҳисобланган қурултойларнинг Амир Темур даврида қандай мақом ва кучга эга бўлгани кўпчиликка қизиқарли бўлса керак.

Қадимий удумларимизга кўра, давлат раҳбарлари қурултойда сайланган ва улар оқ кигиз устига ўтқазилиб юқорига кўтарилган. Оқ кигизнинг тўрт учини энг нуфузли амалдор ва диний раҳнамоларгина кўтариш ҳуқуқига эга бўлган. Ушбу удумлар бажарилган тақдирдагина унинг ҳокимияти қонуний ҳисобланган. Бу анъаналар ўша давр давлатчилигининг одатларидан бири саналган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўзининг давлат ҳокимиятини қурултой орқали мустаҳкамлаган. У 1370 йилнинг 8 апрелида қурултойда амир этиб сайланган ва ўша даврдаги одатга мувофиқ оқ кигиз устига ўтқазилиб, юқори кўтарилган, унга диний раҳнамоси Сайид Барака оқ фотиҳа, ҳукмдорлик нишони, туғ, ноғора ва байроқ берган. Ўша кундан эътиборан Соҳибқирон Амир Темур бутун Мовароуннаҳрнинг қонуний ҳукмдори-амири ҳисобланган.

Амир Темур салтанатидаги қурултой олий табақа вакилларининг кенгаши эди. Мантиқан олиб қаралганда шундай бўлиши ҳам керак эди. Негаким, йирик салтанатда оммани йиғишни ташкиллаштириш, шунингдек масалани тартиб билан ҳал қилишнинг иложи йўқ эди. Шу туфайли ҳудудларнинг вакиллари-маъмурлар, ҳарбий бошлиқлар ва олимлар қурултойда қатнашиб, мамлакат ҳаёти тақдирида муҳим роль ўйнаганлар.

Қурултойда қабул қилинган қарорлар асосида фармонлар чиқарилган, улар зудлик билан муншийлар томонидан кўпайтирилиб, мамлакатнинг энг чекка жойларига ҳам жарчилар, чопарлар орқали етказилган. Ўша даврдаги муҳим қарорлар ва фармойишлар бир томондан маъмурлар, иккинчи томондан хабаргирлар орқали кенг оммага етказилган. Бўлаётган ўзгаришлардан халқ оммаси хабарсиз қолмаган. Оммавий ахборот воситалари бўлмаган ва транспорт чекланган ўрта асрларда ахборот коммуникациясининг яхши йўлга қўйилганлиги давлат тараққиётида муҳим омил саналган.

Амир Темурнинг салтанатни мустаҳкам бошқариш, хусусан уни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш, давлат аҳамиятига молик масалаларни муҳокама қилиш ва тадбиру чоралар белгилаб олиш мақсадида қурултойлар ва кенгашлар ўтказишга катта аҳамият берганлиги ҳақида тарих саҳифаларида кўплаб маълумотлар мавжуд. Уларга кўра, Амир Темур томонидан Қарши, Самарқанд, Қорабоғ ва бошқа жойларда ўтказилган қатор қурултой ва кенгашларда шаҳзодалар, давлат маъмурлари, ҳарбий бошлиқлар, уламолар ва мулкдор зодагонларнинг вакиллари қатнашганлар.

Бундан кўринадики, Амир Темур қурултой қарорига таянишни давлат бошқарувидаги энг адолатли йўл деб тушунган.

У қурултойни фаоллаштириш орқали туркий давлатчилик асосларини такомиллаштирди. Манбалардаги маълумотлар ривожланган ўрта асрларда қурултойнинг миллий давлатчилигимиздаги энг гуркираган ва фаол даври Амир Темур даврига тўғри келади, деб хулоса чиқаришимизга имкон беради.

Қурултойда бошқа ерга юриш қилиш масаласи ҳам ҳал этилган. Бу ҳақда Шарафиддин Али Яздий: «Ишорати олий бўлди: «Ҳар бекка не миқдор киши тааллуқ турур ва черик куни неча киши отландурур, барчани эҳтиёт қилиб, муфассал қилинглар!» Бахшийлар ва тавачилар юруб беклардин муфассаллар олиб, тавачиларға топшурдиларким, тонгласи черик ҳар кимки қабул қилғон кишисини отландурмағай, гуноҳкор бўлғай. Мундоқ муқаррар қилиб забт қилдилар», деб маълумот келтириб ўтган.

Амир Темур давридан кейин қурултойнинг жамият ҳаётидаги мавқеининг пасайиши (айниқса хонликлар даврида) парокандаликка, инсон ҳуқуқларининг топталишига олиб келган катта сабаблардан бири бўлди. Энг нозик масалаларда Амир Темур зодагон маъмурларнинг фикрини эшитган. Амир Темур қурултойсиз ҳам давлатни бошқариши мумкин эди, аммо адолатли қарорлар чиқариш учун маҳаллий маъмурлар фикрини инобатга олди.

Қурултойнинг ўтказилиш муддати аниқ белгиланмаган бўлиб, бир йилда бир неча марта чақирилиши, ҳатто йилда бир марта чақирилмаслиги ҳам мумкин эди. У вазиятга ва масаланинг нечоғли аҳамиятли эканлигига қараб чақирилган.

Масалан, Соҳибқирон Амир Темур 1390 йил баҳорида ва кузида қурултой чақирган. Маълумотларга кўра, «1390 йил кузида Амир Темур Кеш яқинида катта қурултой ўтказди. Умаршайхнинг никоҳ тантаналари қурултойга уланиб кетди. Амир Темур салтанатининг барча қўшинини бир жойга йиғди, ўнлаб лашкар фавжларини тузди, уларнинг қўмондонларини белгилади, ўзи йўқлигида шаҳар ва туманларни бошқарадиган ҳокимлар, бошқа юқори мансабдорларни тайинлади ва ниҳоят, асосий қўшинга йўл тайёрлаш ҳамда душман лашкарлари ҳолатидан ўзини огоҳ қилишлари учун тезкор гуруҳларни шимолга йўллади». Хофизи Абру ҳам 792 (1389-1390) йилда Оқёр мавзесида Қурултой чақирилганлиги ҳақида маълумот ёзиб қолдирган. Амир Темур сарой тадбирларини амалга ошириш орқали узоқ-яқиндан келган амалдор ва бошқа вакиллар, сипоҳининг тўпланишидан фойдаланиб, Қурултой мажлисини ташкиллаштирган ва унда муҳим масалалар кўрилган.

Амир Темурнинг давлат бошқарувида машварат, кенгаш, тадбиркорлик, мулоҳазакорлик ва маслаҳатни бошқарувнинг бош аркони деб билганлигини қурултой ва унинг фаолиятидан англаш мумкин.

Мамлакатда қонунлар устуворлигини таъминлашга эришган Соҳибқирон қурултойсиз ҳам давлатни бошқариши мумкин эди, аммо у халқ манфаати ва фаровонлигини таъминлаш учун вакиллар мажлисининг фикри ва хоҳишини инобатга олган. Чунки унинг давлат бошқарувидаги асосий мақсади зўрлик билан халқни ўз ҳукми остида ушлаб туриш эмас, балки давлат ва халқ бирлиги, уларнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган эди. Албатта бу жиҳатлар ўша даврдаги давлатчилик анъаналарини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этган.

Шоҳистахон ЎЛЖАЕВА,

ТИҚХММИ миллий тадқиқот университети кафедра мудири,

тарих фанлари доктори, профессор