Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Шу муносабат билан қўйилаётган чекловлар Махтумқули, Истиқбол, Сайилгоҳ кўчалари ҳамда Амир Темур ва Мустақиллик шоҳкўчалари чегарасида жойлашган хиёбон майдонининг ўзига тааллуқли бўлади.
Ишлар давомида пиёдалар йўлаклари қопламасини таъмирлаш ва янгилаш, муҳандислик коммуникациялари ҳамда суғориш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Янгиланган суғориш тизими сувдан самарали фойдаланиш имконини беради ва яшил майдонларни янада яхшироқ парвариш қилишга хизмат қилади.
Маълум қилинишича, ободонлаштириш жараёнида бирорта дарахтга зарар етказилмайди. Аксинча, қўшимча кўчатлар экиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, туташ кўчаларда автотранспорт ҳаракати ва йўл бўйида тўхташ имконияти одатдаги тартибда сақланиб қолади. Белгиланган муддатда хиёбон ҳудудига олиб чиқувчи метро бекатлари чиқиш йўллари ҳам вақтинча ёпилади.
Келтирилган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўралади ва фуқаролардан тушуниш сўралади.