Тадбир доирасида ОАВ вакиллари учун инфотур ташкил этилди. Охирги йилларда Президентимиз томонидан туризм ва спорт соҳаларини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор натижасида туризмнинг барча турлари, жумладан қишки туризмни ривожлантиришга оид ишлар жадал олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, қишки спорт турларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2019 йилнинг декабрь ойида “Amirsoy” тоғ-чанғи курортининг очилиш маросимида журналистларимиз билан бирга қатнашган эдик. Ҳозирга келиб “Amirsoy” кўпчилик юртдошларимизнинг севимли дам олиш масканларидан бирига айланиб улгурди. 26 декабрь куни Туризм ва спорт вазирлиги қўллаб-қувватлаши остида “Amirsoy Express” янги дор йўли очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу янги дор йўлининг қурилиш даври 2021 йилнинг 1 май кунидан то шу йилнинг 15 декабрига қадар давом этди. Бу ердаги кабиналар сони 74 тани ташкил этиб, кабина сиғими 10 кишига мўлжалланган. Янги дор йўлида саёҳат вақти 9 дақиқадан иборат бўлиб, ҳаракат тезлиги 6 м/с ташкил қилади.

Дам олиш масканларимизда бундай хизматларнинг йўлга қўйилиши охир-оқибат Ўзбекистон туризмида мавсумийлик тушунчасининг йўқолишига олиб келади, яъни сайёҳлар қайси мавсум бўлишидан қатъи назар, юртимизга саёҳат қилиб, мароқли дам олишлари мумкин бўлади.