Бутун дунё ташриф буюурувчиларининг юртимизда меҳмонхоналардан ҳам кўпроқ хонадон-отелларда яшашга қизиқиши ортиб бораётгани сир эмас. Бунда нафақат халқ билан, балки қишлоқ хўжалик имкониятлари ва ютуқлари билан ҳам танишишлари мумкин. Бу эса ўз-ўзидан агротуризм ривожланишига ҳисса қўшади.
Маълумки, агротуризм Испания, Италия, Буюк Британия, Греция, Франция каби мамлакатларда яхши ривожланган бўлиб, бунда сайёҳлар маълум муддат қишлоқда яшаган ҳолда маҳаллий урф-одатлар, яшаш тарзи билан танишиб, анъанавий қишлоқ меҳнатларида иштирок этади. Юртимизда ҳам туризмнинг мазкур йўналишини ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Боиси ўзига хос табиатга эга сўлим қишлоқларимиз, у ердаги сайёҳлар эътиборини тортадиган турмуш тарзи, маҳаллий урф-одатлар кўпчилик учун қизиқ.
2017-2021 йиллар Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида намунали фермер хўжаликларини сайёҳларга хизмат кўрсатишга мослаштириш, уларга сайёҳларни жалб қилиш ҳамда хорижликларнинг мамлакатимизда бўлиш муддатларини узайтириш мақсадида агротуризмни ривожлантиришга доир вазифалар белгиланган.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан хорижий сайёҳларнинг ўлкамизда бўлиш муддатларини узайтириш, маҳаллий сайёҳлар учун янги дам олиш турларини ташкил этиш мақсадида агротуризмни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, фаол ва намунали фермер хўжаликлари паспортлари шакллантирилиб, хорижий ва маҳаллий меҳмонлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Асакада гул чанггидан дори ишлаб чиқарилади
Она табиат сиру синоатга бой. Ҳар бир ўсимликда илдизидан чанггига қадар инсон саломатлигига кони фойда яширинган. “Асака” асаларичилик агро фермер хўжалиги 700 дан ортиқ карпат зотли асалариларни гоҳ тоғ шароитида, гоҳ пахта далаларида, писта майдонларида парваришлайди. Ақлли арилар дарахтлар, гуллар ва бошқа хил ўсимликлардан чанг йиғиб келиб, ўз уяларини асалга тўлдиради ва энг қизиғи, арилар бир-бирларининг уяларини адаштирмайди.
Тадбиркорларнинг маълумот беришича, карпат зотли асаларилар турли иқлим шароитига мослашувчан бўлиб, битта оила (қути)дан ўртача 15-20 кило асал олинади. Об-ҳаво очиқ ва қуёшли бўлса бундан ҳам кўп асал олиш мумкин.
Элмурод Чекалов, “Асака” асаларичилик агро фермер хўжалиги раҳбари:
– Пандемия шароити фаолиятимизга таъсир қилмади. Сабаби бизга қуёш чарақлаб турса кифоя. Асосий ишимиз очиқ табиат билан боғлиқ. Ариларни йилда 3-4 марта канага қарши дорилаймиз, холос. Қолган ишларни ўзлари бажаради ҳисоб: ўзлари чанг топиб озиқланади, ўзлари уяларини топиб қайтиб келади.
Хўжалик қошида асал қадоқлаш цехларимиз ҳам бор. У ерда 50 граммгача асал идишларга қадоқланади ва шартнома асосида ҳамкорлик ўрнатган ташкилотларга етказилади. Асалларнинг тоғ асали, пахта асали, яна қуритилган мевалар аралашган асаллар каби кўплаб турлари бор, шунга қараб улар 40 мингдан 60 минггача баҳоланади. Келгуси йилда Ўрмон хўжалиги взирлиги билан ҳамкорликда дарахтлардаги гул чанггидан таблетка ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқдамиз. Бу таблеткалар дармондори вазифасини ўтайди. Масалан, олма дарахти чанггидан тайёрланган дорининг бир донаси 7 та олма еган билан баробар калория беради. Бунинг учун бизга 7 хил махсус ускуна керак. Биз давлатдан кредит олган ҳолда 2021 йилда Хитойдан буюртма асосида ускуналарни сотиб олиб, фаолиятни бошлашни режа қилганмиз.
“Дўланалик боғбон меваси” дунё бозорида ҳам эътибор марказида
Халқ табобатида беморларни табиий даволаш усули алоҳида аҳамиятли. Одамлар мева ва сабзавотлар орқали нафақат мавжуд касалликларни даволаши, балки айрим ҳасталикларнинг олдини олишга ҳам муяссар бўладилар. Ана шундай шифобахш мевалардан бири бу – узум. Шифокорларнинг таъкидлашича, узум буйракдаги тузни ювади, жигарни тозалайди, асаб толаларининг қувватсизлигини даволайди, шунингдек, қон босимини тушириш учун ҳам кенг фойдаланилади. Булоқбоши тумани, Дўлана қишлоғида жойлашган “Дўланалик боғбон меваси” фермер хўжалиги билан яқиндан танишар экансиз, бу ерда табиий шароитларда етиштирилган узумларни таътиб кўриш, майизхонада эса қуритилган узум махсулотларини мазасига баҳо беришингиз мумкин. 2007 йил ташкил топган ушбу фермер хўжалиги бугунги кунда узум махсулотларини кўплаб хорижий давлатларга экспорт қилади.
Ҳабибулло Назаров, “Дўланалик боғбон меваси” фермер хўжалиги бошлиғи:
– Қўл остимда 12 та ишчим бор, биргаликда беш хил нав: “нимранг узум”, “Андижон қора”, “ҳусайни”, “ризомат узуми”, “суғдиёна кишмиши” етиштирилади. Россия, Қозоғистон, Япония давлатлари экспортчиларига, суғдиёна навли уруғсиз кишмиш майизларини эса Корея экспортчиларига етказамиз. Албатта, махсулотларимиздан Андижондаги ички бозорларга ҳам чиқарамиз. Узумлар навига қараб, улгуржи 5 мингдан 8 минг сўмгача бўлган нархларда баҳоланади. Бу меваларнинг пишиш даври июль ойидан бошлаб октябрьгача давом этади. Мана шу даврда нафақат маҳаллий тадбиркорлар, балки хорижлик меҳмонлар ҳам келиб, фермер хўжалигимиз билан яқиндан танишади ва қизиқиш билдиради, ҳамкорлик ўрнатади.
Балиқ – луқмаи ҳалол
Юртбошимизнинг ташаббуслари билан сўнги йилларда балиқчилик соҳасига ҳам катта эътибор қаратилаётгани сир эмас. Аҳолини арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича республика ҳудудидаги туман ва шаҳар марказий бозорларида доимий равишда тирик ва музлатилган балиқ сотиш нуқталари ташкил этилмоқда. Бунда балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркор-фермерлар нафақат иқтисодиётга, балки туризм соҳаси ривожига ҳам ҳисса қўшиб келаётганини кўриш мумкин.
Балиқ – луқмаи ҳалол, дейди халқимиз. Андижон вилояти, Хўжаобод туманидаги Мадияров массивида жойлашган “Қора амур фермер хўжалиги” ана шундай намунали масканлардан бири бўлиб, унда 5 турдаги: пёстрий балиқ, оқ амур, сазан, карп ва лаққа балиқ парваришланади. Бу ерга келган сайёҳлар балиқ ови билан шуғилланишлари ҳам мумкин. Масканга кириб борар экансиз, ташриф буюрувчилар учун дам олиш зонаси, ошхона, меҳмонхона, супалар, бесеткалар ва бошқа хил шароитлар яратилганининг гувоҳи бўласиз. Хўжаликда ўндан ортиқ ишчилар ишчилар меҳмонларга хизмат кўрсатади. Уларнинг айтишича, бу ерга хорижий туристлар тоғли ҳудудлар, адирлар ва тарихий жойларни зиёрат қилишга, ўрганишга кўп келади. Пандемия шароитига қарамай ташрифлар узилмади, қишда кунига 30-40 та, ёзда эса бундан ҳам кўпроқ меҳмон келади, дейди ишчилар.
Владимир Русевников, “Қора амур” фермер хўжалиги бошлиғи:
– Биз 20 йилдан буён балиқчилик билан оилавий шуғулланамиз. Маҳаллаларга, маҳаллий бозорларга, пойтахт бозорларига ҳам балиқ етказамиз. Ҳозир байрамолди талаб ҳар доимгидан ортган. Шу сабаб тадбиркорларга балиқларни килосига қараб, улгуржи нархларда сотамиз. Масалан, оқ амур ва сазан кўп сотиладиган, калорияси кучли балиқлардан бўлиб, унинг килоси 18-20 минг атрофида баҳоланади.
Биринчи марта балиқчилик билан шуғулланиб бошлаганимда қора амур туридаги балиқларни парваришлаганман. Улар улитка ейдиган сув жонивори бўлгани учун Ўзбекистонда деярли учрамайдиган, камёб ҳисобланади. Сабаби балиққа озуқасини – улитка етказиб бериш қийин. Мен ҳам кейинчалик мана шу қийинчиликка кўп дуч келдим ва шундан сўнг бошқа турдаги балиқларни парваришлашга бел боғладим. Ҳозирда ҳудуддаги аксарият маҳаллий тадбиркорларда карп балиғига эҳтиёж бор. Карп балиғи тез ўсадиган тўйимли балиқлардан саналади ва ҳозир билишимча, фақат шаҳар марказларида сотилади. Чекка ҳудудлардаги фермерларга ҳам етказиш имконияти яратилса деймиз. Бу чекка ҳудудлардаги маҳаллий бозорларни балиқ махсулотлари билан марказдагидан арзонроқ нархда таъминлашга имкон яратади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси ахборот хизматининг маълумот беришича, вилоят бўйлаб агротуризм йўналишида туристларни қабул қиладиган объектлар рўйхати доимий шакллантириб борилади. ОАВ орқали ва бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида агротуризм объектлари тўғрисида маълумотлар, туроператорлар томонидан туризм дастурлари шакллантирилиб, улар муcтақил равишда ташриф буюрадиган сайёҳларга ҳам бериб борилади. Бу орқали сайёҳлар ушбу объектларга бориши ҳамда туризмнинг янгича йўналишлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Юлдуз Ўрмонова