Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда, тиббий таълим соҳасидаги ишлар, бу борадаги мавжуд камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди.
Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институтидаги коррупцион ҳолатлар танқид остига олиниб, олий ўқув юрти масъулларига бу борада жиддий эътирозлар билдирилди.
Якунда институт бош ҳисобчиси А.Рахмонов, Кадрлар бўлими бошлиғи Д.Назарова, Режа-молия бўлими бошлиғи А.Ахмедова, Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Х.Алиев, Ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Қ.Юсуповлар зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлиги, ўз фаолиятида жиддий камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Қолаверса, институт ректори М.Мадазимовни коррупцион ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлувчи ҳолат ва шарт-шароитларни бартараф этишда қатъиятсизлик кўрсатгани ва коррупцияга оид жиноят содир этилишига йўл қўйгани сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича таклиф тайёрлаш белгиланди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.