Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамраевга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси ажрими билан ўзгартирилгани турли талқин ва тахминлар билан муҳокама қилинмоқда.
Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати аниқлик киритадики, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланган жами 29 нафар судланувчига оид жиноят иши кўрилиб, суднинг 2025 йил 8 июлдаги ҳукми билан тегишли жазолар тайинланган.
Суд ҳукмига нисбатан туман прокурорнинг протести ва судланувчиларнинг шикоятларига асосан жиноят иши Тошкент шаҳар суди апеллецияси инстанциясида кўрилиб, (26.12. 2025 й.) ҳукмнинг 24 нафар судланувчига тегишли қисмлари ўзгартирилган.
Хусусан, биринчи инстанция суди ҳукми билан Б. Хамраевга нисбатан тайинланган 3 (уч) йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 7 (етти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси (у Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари билан айбдор деб топилган) жиноят оқибатида етказилган зарар қоплангани муносабати билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириб бориш шарти билан 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилган.
Жиноят кодекси 167-моддасининг 5-қисмига кўра, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Б. Ҳамраевга нисбатан тайинланган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилган. Ажримдан норози тарафлар тафтиш тартибида шикоят ёки протест билдириш ҳуқуқига эга, дейилади хабарда.
Ботир Ҳамраев 2024 йилнинг ноябрида ушланганди. Унинг хонадонида ўтказилган текширувлар давомида бюджет маблағлари талон-торож қилиниши, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича терговга чақиртирилган ва процессуал тартибда ушланган.