Гувоҳномасиз боғчага, мактабга жойлаштириб бўлмайди, давлат шифохоналарида эса касалга анкета очилмайди. Бунинг ортидан эса турли қийинчилик вужудга келиши ҳам табиий албатта.
Яқинда ўзининг 16 ёшини қаршилаган хўжаободлик Беҳрузбек Исоқов ва унинг укалари Пўлатбек, Рустамбек, синглиси Гуласаллар ёш бўлишига қарамай ота-онаси томонидан туғилганлиги ўз вақтида қайд этилмаганлиги боис бошидан турли синовларни ўтказишди.
Болаларнинг онаси Назирахон Исоқованинг айтишича, турли йилларда бир неча маротаба ҳокимлик ва ФҲДЁ ходимларига мурожаат қилинганда, болаларга «метрика»лар суднинг у ёки бу онадан туғилганлик фактини тасдиқлаш ҳақидаги қарорига асосан берилиши билдирилади.
Хўжаобод тумани ФҲДЁ мудираси Гулнозахон Маматованинг ташаббуси ва бир нечта ҳомийларнинг ёрдами билан пул маблағлари йиғилиб Назирахон Исоқова ҳамда унинг 4 фарзанди учун у ёки бу онадан туғилганлик фактини тасдиқлаш мақсадида ДНК текшируви ўтказилди. Биологик экспертиза хулосаларига кўра Назира Исоқова болаларнинг онаси эканлиги тасдиқланди.
Шунга асосан Хўжаобод туманлараро суди ҳал қилув қарорига асосан туман ФҲДЁ бўлими томонидан Исоқованинг фарзандлари 16 ёшли Беҳрузбек, 11 ёшли Пўлатбек, 10 ёшли Рустамбек ва эндигина 7 ёшни қаршилаган Гуласалларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилди.
Куни кеча Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев ва Хўжаобод тумани ҳокимлиги вакиллари Исоқовалар хонадонига ташриф буюриб, болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни тантанали равишда топширди.
Рустамжон ЭШОНОВ.