Халқ депутатлари Андижон вилоят сессиясида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг вилоят аҳолисига қилган мурожаатида халқ таълими тизимида амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинганлиги қайд этилди. Хусусан, келгуси йили умумтаълим мактаблари битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари 26 фоиздан 30 фоизга оширилади.
Инвестиция дастури асосида 22 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Натижада, қўшимча 7 мингта янги ўқув ўрни яратилади.
Вилоятда 750 ўринли 4 та хусусий мактаб ташкил этилиб, нодавлат мактаблар сони 21 тага етказилади. Шу билан бирга, физика-математика, кимё-биология ва информатика фанларига ихтисослаштирилган 12 та мактаб ташкил этилади.
Таълим тизимида фаолият олиб бораётган педагогларнинг сифат таркибини яхшилаш мақсадида олий тоифали ўқитувчилар улушини 8,1 фоизга (ҳозирда 6,5 фоиз) ва биринчи тоифали ўқитувчилар сонини 20,4 фоизга (ҳозирда 17,6 фоиз) етказиш чоралари кўрилади.
Чет тилини билиш даражаси бўйича сертификатга эга бўлган ўқитувчилар сони 9,5 фоиздан 16 фоизга оширилади.
Вилоятдаги 170 та таълим муассасаларининг бўш турган бино ва ер майдонлари давлат-хусусий шериклик асосида касб-ҳунар ўргатиш шарти билан тадбиркорларга бериш орқали 13 минг нафар ўқувчи касб-ҳунар ўрганишга қамраб олинади.
Шунингдек, мактаблардаги мавжуд 729 та технология хоналарини қайта жиҳозлаш ҳамда мактабларга яқин ҳудудларда жойлашган касб-ҳунар таълим муассасалари, 356 та ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларида ўқувчилар учун меҳнат хоналарини ташкил этиш орқали 190 минг нафар 7-11 синф ўқувчисининг касб-ҳунар ўрганиши учун зарур шароитлар яратилади.