Ҳар бир давлатнинг изчил тараққиёти коррупцияга қарши муросасиз кураш билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, бу иллат илдиз отган жамият таназзулга маҳкумдир. Шу боис, мамлакатимизда ушбу хавфга нисбатан "фавқулодда ҳолат" эълон қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кескин чоралар кўрилмоқда. Навбатдаги тезкор тадбир Андижон вилоятида ўтказилди.
Аниқланишича, Балиқчи тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқаронинг ишончига кирган. У мансабдор танишлари орқали фуқаронинг қариндошини ФВБ тизимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 1800 АҚШ доллари талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида, инспектор сўралган маблағни тумандаги овқатланиш шохобчаларидан бирида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора беришда иштирокчилик) тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.