Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Ғарбий Хожаосмон» конидаги 3-сонли қидирув қудуғида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, қудуқ консервациядан қайтарилди.

Натижада қудуқнинг 734-738 метр оралиқларида перфорация ишлари ўтказилиб қудуқ фаввора усулида ишга туширилди.

Ушбу қудуқда босим пастлиги сабабли фаввора усулида кўп ишламади. Маълум вақт қудуқ компрессор ёрдамида ишлатилиб кунига ўртача 5-7 тонна нефть қазиб олинди. Қудуқда компрессорни мунтазам ишлатишнинг имкони бўлмаганлиги учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда қудуқни механик усулга ўтказиб ишлатишга қарор қилинди. Жорий таъмирлаш бригадаси ёрдамида қудуққа керакли материал-техник ресурслар ўрнатилиб, қудуқ жорий йил 29 июлда механик усулда ишга қўшилди. Ҳозирда қудуқдан кунига ўртача 7 тонна миқдорида нефть қазиб олиняпти.

Маълумот учун: «Ғарбий Хожаосмон» кони Асака шаҳрида жойлашган бўлиб, 2012 йилда қидирув ишларини амалга ошириш учун бурғилаш ишлари бошланган. 738-732 метр оралиқдаги ХХ горизонт ишлатилиб кўрилганда қатлам суви билан газ ва қисман нефть олинди. Газнинг дастлабки қазиб олинган ҳажми кунлик 19,4 минг куб метрдан 60,7 минг метр кубни ташкил қилган. Тез-тез сув босиб қолиши сабабли қудуқ консервацияга қўйилган, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.