Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари, РУДНнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ва бошқалар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда меҳнат миграциясини ривожлантириш, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларга касб-ҳунар ва чет тилини ўргатиш орқали юқори маошли иш ўринларига жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси ҳудудида ишлаш учун талаб этиладиган патентни расмийлаштириш учун ўртача 20 кундан 30 кунгача вақт талаб этилади. Бу вақт оралиғида фуқаронинг ишлаши мумкин эмас ва табиийки, бу жараён меҳнат мигрантларидан ортиқча вақт ва харажат талаб этади. Эндиликда, РУДНнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси орқали патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми, хусусан, рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихини ўргатиш, тегишли сертификат бериш ишлари Ўзбекистонда амалга оширилаётгани фуқароларимизнинг вақти ва маблағи тежалишига хизмат қилмоқда.

Сертификатларга эга бўлган фуқаролар келгусида Россия Федерациясининг Челябинск шаҳридаги “ЮжУралЗолота” компаниясига юқори маошли иш ўринларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилади.