Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ташқи ишлар вазирлари пандемия шароитида мамлакатларнинг барқарорлиги ва изчил ривожланишини таъминлашнинг устувор йўналишларини ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликка асосланган адолатли глобал тизимни шакллантириш орқали коронавирус инфекциясига қарши биргаликдаги курашни, даволаш усулларини такомиллаштириш ҳамда янги эпидемиологик-санитар стандартлар ва қоидаларни жорий этиш бўйича ахборот алмашишни давом эттиришнинг зарурлигини қайд этди. Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва иқтисодиётнинг ишлаши ўртасидаги мувозанатни таъминлашнинг муҳимлиги таъкидланди.
Форум қатнашчиларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш борасидаги ташаббусининг концептуал аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари давлат идоралари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарблигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари эътибори иқлим ўзгаришининг Марказий Осиё минтақаси барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётганига ҳам қаратилди. Шу нуқтаи назардан Орол денгизи қуришининг экологик оқибатлари, Оролбъойи аҳолисига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак кўрсатилишининг механизмлари таҳлил қилинди.
Форум якунида Қўшма боёнот қабул қилинди.