Жорий йил 29 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз туризм салоҳиятини ривожлантиришда янги тизимларни жорий этиш, тиббиёт ва таълим туризмини ривожлантириш истиқболлари, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган вазифалар ижроси доирасида Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги туристик муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида бу ўлка бўйлаб ижодий сафарда бўлдик. Қисқа фурсатда 40 дан ортиқ учрашув ва музокаралар ўтказилди, турли соҳаларда 13 дан ортиқ ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Жумладан, тиббиёт ва таълим туризмини ривожлантириш мақсадида Ҳиндистондаги нуфузли олий таълим муассасалари, клиника раҳбарлари билан манфаатли келишувларга эришдик.
Бугунги кунда институтимизда таълим олаётган 502 хорижлик талабанинг 298 нафари – ҳинд ёшлари. Ҳиндистонлик ёшларнинг тиббиёт муассасаларида таълим олишга қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шуларни ҳисобга олиб, Деҳли ва Баларампур шаҳарларида институтнинг учта ваколатли офиси очилди. Бу институтимизда таҳсил олиш истагидаги ҳиндистонлик ёшларни жалб қилишда муҳим қадам бўлмоқда. Эндиликда тиббиёт соҳасида билим олишга қизиққан ёшлар билан самарали ишлаш, биз ҳақимизда уларни қизиқтирган саволларга тўлиқ маълумотлар тақдим этиш имконияти яратилди. Ваколатли офисларимизда 50 га яқин ҳиндистонлик йигит-қизлар билан мулоқот ўтказиб, институтимиздаги таълим жараёни, талабаларга яратилган шароит ҳақида маълумот бердик. Уларнинг аксарияти келгуси ўқув йилида бизнинг олийгоҳда таҳсил олиш мақсадида эканини билдирди.
Ҳиндистоннинг энг катта тармоғи бўлган «Аполло» клиникасининг Агра филиалидаги мавжуд шароит, ўтказиладиган жарроҳлик амалиёти ва турлари, замонавий тиббий жиҳозлар билан танишдик. Бу ерда тиббиёт туризмни ривожлантириш стратегияси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистондаги тиббий таълим ҳамда тиббиётдаги ислоҳотлар, Ҳиндистон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, таълим туризми, мутахассислар тайёрлаш, тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикрлашиб олдик.
Институтимизда халқ табобати йўналиши ҳам мавжуд бўлиб, унда халқаро қўшма лойиҳалар олиб бориш, қўшма таълим дастурлари, Ўзбекистондаги доривор ўсимликларни Ҳиндистон халқ табобати билан биргаликда ўрганиш масалалари юзасидан муҳокамалар ўтказдик. Ҳиндистонлик мутахассисларни АДТИ клиникасига жалб қилиш, жигар, буйрак ва юрак трансплантология соҳаси бўйича мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятимизда йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини ишга туширишда ҳамкорлик қиламиз.
«ACN Group of Institutions» бошқарувчиси, доктор М.Хон билан ўсимликлар асосида дори маҳсулотлари тайёрлаш ва тиббий соҳада замонавий билимлар алмашишдан иборат янги лойиҳалар амалга оширилади. «ACN Group of Institutions» 13 дан ортиқ олий ўқув юртини ўзида жамлаган ташкилот бўлиб, асосан тиббий таълимга ихтисослашган. Бу ташкилотга қарашли 5 нуфузли клиника самарали фаолият юритиб келмоқда. Ҳамкорлик доирасида соҳа ривожи йўлида мавжуд салоҳиятлардан самарали фойдаланиш, янги тадқиқотларни ҳаётга жалб этиш борасида устувор вазифалар белгилаб олинди.
Керала штатида жойлашган «Аюрверик даволаш маркази»да Ҳиндистоннинг ноанъанавий даволаш усуллари ва ушбу мақсадда қўлланадиган доривор ўсимликлар, уларнинг турлари билан танишдик. Олий таълим соҳасидаги хорижий тажрибани ўрганиш ва ҳамкорлик қилиш мақсадида Маҳараштра штатининг Пуна шаҳрида жойлашган «Dr.D.Y.Patil University»да бўлдик. Университетда касалликлар диагностикаси ва юқори технологик операциялар ёрдамида даволаш усуллари, «Аюрверик даволаш маркази» иш фаолияти ҳамда талабаларнинг ўқув жараёнида иштирок этдик. Университет билан юқори технологик даволаш усуллари бўйича Андижон давлат тиббиёт институти мутахассислари малакасини ошириш, бу йўналишда қўшма таълим дастури очиш бўйича келишувларга эришдик.
Пуна шаҳридаги «MIT Art Design and Technology University» билан тиббий биоинженеринг йўналиши соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Савитрибаи Пҳул Пуна университети халқаро маркази ўқув-илмий салоҳияти, моддий-техник базаси билан яқиндан танишиб, тажриба алмашдик. Бу ерда иккита муҳим йўналиш: тиббий инжиниринг ва аюрвердик тиббиёт бўйича ҳамкорлик қилишга оид меморандум имзоланди.
Бир гуруҳ вакилларимиз «Тиббиётда инновацион симуляцион таълим» лойиҳаси доирасида Жанубий Корея Миллий транспорт университетида малака ошириб қайтди.
Чонджу шаҳрида халқ табобатида кенг қўлланилаётган женьшень плантацияларида ва «Корея женьшень экспорт» компаниясининг ишлаш тартиби, келгусидаги ҳамкорлик алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан истиқболли режалар тузилди. Делегация аъзолари бирламчи ёрдам таълими йўналиши бўйича амалий машғулотларда иштирок этиб, сертификат олди.
Мазкур сафар доирасида эришилган энг катта ютуқлардан бири – Жанубий Корея Республикасининг нуфузли Гангнам-гу туманида Андижон давлат тиббиёт институтининг расмий офиси очилди. Бугунги кунда олийгоҳимизда 30 нафардан ортиқ кореялик ёшлар таҳсил олмоқда. Ҳамкорлик доирасида амалга оширилган истиқболли лойиҳалар улар сафини янада кенгайтириш имкониятини беради.
Институтимизда бир мақсадга қаратилган ҳамкорлик алоқаларини ҳар жиҳатдан кенгайтириш, ўқитувчи ва талаба ёшлар илмий фаолияти учун зарур шароит яратиб берилган. Кейинги йилларда таълим сифати ва самарадорлиги учун муҳим бўлган моддий-техник базани ривожлантириш, назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлаш имкониятини берган замонавий таълим технологиялари ўқув амалиётига татбиқ этилмоқда. Профессор-ўқитувчилар иш самарадорлигини ошириш, маърузалар сифати ва ўқув жараёнида инновацион технологияларни қўллаш мақсадида маъруза зали 5 та электрон минбар, LCD мониторлар билан жиҳозланди. 2022 йилнинг ўзида энг замонавий 120 та компьютер ва 25 та мультимедиа қурилмаси сотиб олинди. Ахборот-ресурс марказимизнинг adti.uz электрон кутубхона тизимида дарслик ва ўқув қўлланмалари, Президент асарлари, тиббиётга оид журналлар, бадиий китобларга алоҳида ўрин ажратилган. Профессор-ўқитувчилар учун ўқув-адабиёт бўлимлари мавжуд. Китобларни кўчириб олишда QR код тизими шакллантирилган. Марказнинг @foydalitibbiyotbot расмий Телеграм-боти ишга туширилди. Талабалар ва ходимларга қулайлик яратиш мақсадида 25 та замонавий моноблок жойлаштирилди.
2018 йилда «РОССОМЕД» ва «Вириумед» компаниялари билан ҳамкорликда 500 нафар талаба қамровига эга симуляцион ўқув маркази ташкил этилди. Бу ерда жарроҳлик, эндожарроҳлик, терапия, педиатрия-неонатология, реанимация, гинекология, ЛОР, офтольмология, олий ҳамширалик, терапевтик стоматология ва жарроҳлик стоматологияси сингари 12 турдаги мутахассис тайёрланмоқда.
Иқтидорли талабаларнинг тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлари ҳақидаги мақолалари республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда чоп этиб келинмоқда. Беш нафар талабамиз Президент ва нуфузли давлат стипендиатлари соҳиби бўлди. Шоҳаббос Саломов «Йил талабаси-2022» республика кўрик-танлови финал босқичида «Ўз мутахассислиги бўйича йилнинг энг яхши талабаси» номинациясида ғолиб деб топилди. Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш мақсадида 45 дан ортиқ фан, 14 та спорт, 2 та маданий тўгаракка 3000 дан ортиқ ёш қамраб олинган.
Мадамин МАДАЗИМОВ,
Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор