Мазкур қишлоқ хўжалик кластери тасарруфидаги Бўстон туманининг Улуғбек массивида жойлашган 27-бўлимнинг 9 гектарлик экин майдони тумандаги Маориф, Кўҳинур, Мустақилликнинг 15 йиллиги ва Ғолиб маҳалла фуқаролари йиғинларининг «Темир дафтари» рўйхатида турган эҳтиёжманд оилаларнинг 30 ёшгача бўлган фарзандларига ҳамда «Ёшлар дафтари» рўйхатида бўлган ишсиз ёшларнинг 60 нафарига, шунингдек қишлоқ хўжалик кластерига қарашли пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш заводида ишловчи ишчиларнинг фарзандларидан 30 нафарига 10 сотихдан ер ажратиб берилди.

Уларга ер ажратиб беришда кластер экин майдонларининг энг серунум ерларидан берилишига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга ер берилаётган ёшларнинг ҳужжатлари кластер маъмурияти томонидан рўйхатга олиниб, қонуний расмийлаштирилди. Эндиликда улар бу ерда бемалол полиз ва сабзавот экинларини экиб, етиштирадилар ўзи ва оиласи иқтисодини юксалтириб, оилавий даромадларини оширадилар. Ўз ўрнида бу ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаб, ёшлар ўртасида ишсизлик билан бирга бекорчиликдан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишини олдини олади.

Янада эътиборлиси шуки «Сайёра фаввораси» хусусий корхонаси пахта тўқимачилик кластери маъмурияти ер ажратиб берилган ёшларга янада қулай имкониятлар яратиб беряпти. Бунда ёшларга ер ажратиб беришдан ташқари уларга экин экиш учун уруғликларни етказиб бериш, экинларни етиштиришдан бошлаб, ҳосил олишга қадар бўлган мавсумий агротехника тадбирларини амалга оширишда амалий ёрдамлар кўрсатишни ўз зиммасига олган. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги кластерининг тажрибали агрономи ва иқтисодчи мутахассиси ер ажратиб берилган ёшларнинг деҳқончилик ва иқтисодий кўникмаларини шакллантиришлари учун ўз тавсия ва маслаҳатларини бериб боришга бириктирилди.

Шунингдек, ёшларга ер ажратиб бериш тадбирида Бўстон туманида қишлоқ хўжалиги ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келган меҳнат фахрийси Муҳаммадқодир ҳожи Турдиев ҳамда «Сайёра фаввораси» хусусий корхонаси пахта тўқимачилик кластерининг молиявий масалалар бўйича директори Баҳодиржон Қодировлар сўзга чиқиб, ёр ажратиб берилган ёшларга ушбу экин майдонларидан унумли фойдаланишлари ва ўзларининг ҳалол меҳнатлари билан оилавий иқтисодини юксалтиришларига умид билдирдилар. Ёш деҳқонларнинг бошлаётган ишларига омад тиладилар.

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ