Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё ва Андижон ҳудудий бошқармалари, Ёшлар ишлари агентлигининг Қашқадарё ва Андижон вилоятлари бошқармалари ҳамкорлигида саёҳатга чиққан Андижонлик ёшларнинг дастлабки манзили Шаҳрисабз шаҳри бўлди.   

Шаҳрисабздаги Амир Темур хиёбони ва ҳунардмандчилик мажмуалари, мақом музейи Андижон ёшларида катта таасурот қолдирди. Навқирон авлод вакиллари бу ерда ажойиб экспонатлар, қадимги мусиқа асбоблари, ўзбек мақомчилиги билан боғлиқ муҳим маълумотларга эга бўлди.

Шундан сўнг, ёш сайёҳлар Амир Темур музейи билан ҳам яқиндан танишди. Буюк Соҳибқироннинг туғилган давридан вафот этган пайтига қадар босиб ўтган йўли, давлат ва жамоат ишларидаги иштироки, амалга оширган бунёдкорлик ишлари, музейдаги буюк давлат арбоби билан боғлиқ янгиликлар водийлик ёшларда қизиқиш уйғотди.

Ёш саёҳатчиларнинг навбатдаги манзили Яккабоғ туманидаги “Қорабайр” отчилик мажмуаси бўлди. 2018 йилда Президентимиз ташаббуси асосида ташкил этилган мажмуада 300 га яқин отлар парваришланмоқда.

— Асосий мақсад қорабайр зотли отларнинг йўқолиб кетишига йўл қўймаслик, қайтанга уларнинг сонини кўпайтириш, — дейди мажмуанинг отчилик тармоғи бошлиғи Учқун Ботиров. — Қарийб беш гектардан ортиқ майдонни ташкил этадиган мажмуада яқин йиллар ичида отларнинг сонини 700 бошдан ошириш кўзда тутилган.

Ёшлар мажмуа фаолияти билан яқиндан танишар экан, ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олишди.

Шундай қилиб, Андижонлик ёшлар Шаҳрисабз шаҳрида кечган биринчи кун таасуротларини гулхан атрофидаги кўтаринки кайфият билан якунлашди. Ватанни тараннум этувчи қўшиқлар қалбларга илиқлик уйғотган бўлса, айтилган шўх наволар эса даврани ўйин-кулгулар билан бойитди.

— Мен Қашқадарёдаги саёҳат бунчалик таасуротларга бой бўлишини кутмагандим, — дейди 23 ёшли Сарвар Шарипов. — Биринчи кундан Шаҳрисабзнинг бой тарихи ва шаҳарнинг ўзига хослиги эътиборимни тортди. Одамларининг меҳмондўстлиги эса мени лол қолдирди.

“Баҳорги туристик мавсум бошланди: Саёҳатга марҳамат” лойиҳаси доирасидаги экскурциянинг иккинчи кунида эса Андижонлик ёшлар Қарши шаҳрининг диққатга сазовор масканларида бўлиши кўзда тутилган.